Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари ушбу корхонада бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишишди. Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 29 январдаги Олий Мажлис ва халқимизга мурожаатномасида “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарурлиги белгилаб берилган эди. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, мазкур режимнинг афзаллик томонлари, унга жойлаштириш талаб ва шартлари корхона ходимларига яна бир бор тушунтирилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиси томонидан 2020 йил давомида учинчи ва тўртинчи классга мансуб қаттиқ ва юмшоқ турдаги жами 7135 тонна буғдой маҳсулоти “Нукус” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости томонидан “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига расмийлаштирилган.
Қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган 4 хил ассортиментдаги биринчи ва иккинчи навли 5351 тонна ун маҳсулоти реэкспорт қилинган.
Буғдой маҳсулотини қайта ишлаш учун Туркия давлатидан келтирилган илғор замонавий технология асбоб ускуна учун давлатимиз Раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган технологик ускуналар рўйхатини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан божхона тўловларидан 3 миллиард 72 миллион сўм миқдорида имтиёзлар қўлланилган.
Шунингдек, корхона ўз фаолиятини амалга ошириш давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Донни қайта ишловчи корхоналарни қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш ва уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан четдан олиб кирилган дон маҳсулотлари учун ўтган йиллар давомида ушбу қарор талабларининг амал қилиш даври доирасида 12 миллиард 239 минг сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёз қўлланилди.
– Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан биз тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида бизнинг корхона ҳам кенг кўламда қўллаб-қувватланмоқда – дейди корхона директори Азат Мустафаев, – Хусусан, унни қайта ишлаш ускунасининг хориждан олиб келинишида божхона тўловларидан имтиёзга эга бўлиши, ҳамда ҳукуматимизнинг тегишли қарорлари билан олиб кирилаётган маҳсулотимизнинг божхона тўловларидан озод этилиши натижасида биз ўз фаолиятимизни кенгайтириб, 2020 йилнинг бошида иккинчи цехни ишга туширишга муваффақ бўлдик. Бунинг натижасида эса бугунги кунда 96 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланди. Йил бошидан корхонамиз томонидан 7507 тонна буғдой импорти амалга оширилган бўлса, уни қайта ишлаш натижасида олинган ун маҳсулоти асосан ички бозоримизга ундан ортган 1836 тонна ун маҳсулоти эса Афғонистон давлатига экспортга йўналтирилди.
19.02.2021