Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сирдарёда ишлаб чиқариш суръатлари жадал ривожланмоқда
2537
Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик субъектларига яратилаётган барча имтиёз ва енгилликлар уларнинг жадал суръатларда ривожланишига имкон яратмоқда.

Сирдарёда пандемия шароитида ўз фаолиятини бир зум бўлсада тўхтатмаган корхоналар талайгина. Ана шундай корхоналардан бири Сирдарё туманидаги сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган “AWP” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонадир.

Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг ва “Сайхун” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг маъсул ходимлари Сирдарё туманида жойлашган “AWP” МЧЖга  боришиб,  карантин  талабларига қатъий  риоя  қилган  ҳолда  учрашув  ташкил  қилишди.

– Қарийб 500 нафар ишчи меҳнат қилаётган мазкур корхонада бир кунда ўртача 30 минг донадан ошиқ сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда, – дейди учрашув давомида жамият раҳбари Янг Чанбиан, – коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинаётган фармон ва қарорлар бошқа ишлаб чиқариш корхоналар қаторида бизга ҳам катта имкониятлар яратмоқда, албатта корхона даромади ҳам шунга яраша бўлиб, бу йил ҳам ишлаб чиқариш суръатларини бир неча баробарга оширишни ўз олдимизга мақсад қилганмиз, корхона ихтиёрида қолган соф фойда ҳисобидан ишчиларга барча қулай шароитлар яратилган бўлиб, 500 ўринга мўлжалланган ошхона, ишчиларни ташиш учун 10 дан ошиқ автобус ажратилган, шунингдек ишчиларимиз доимий равишда махсус кийим бош ва тиббиёт буюмлари билан таъминланмоқдалар.

Маълумот ўрнида – жамият томонидан 2020 йилда 2,0 миллион АҚШ долларига тенг тайёр маҳсулотлар Россия, Қозоғистон,Тожикистон каби давлатларга  экспорт  қилинган бўлиб, ушбу даврда жамиятга нисбатан 2,2 млрд. сўмлик божхона  имтиёзлари  қўлланилган.

Учрашув давомида божхона ходимлари томонидан жамият вакилларига божхона қонунчилигидаги янгиликлар, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун берилаётган имтиёзлар ва қулайликлар, божхона назоратини соддалаштирилиши, шунингдек бюрократик тўсиқларга сабаб бўлаётган қоғозбозликдан воз кечиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар бўйича тушунтиришлар берилди.

Тадбир якунида учрашув қатнашчиларига ҳар қандай божхона қонунбузилиши ҳолатлари кузатилганда, зудлик билан Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамига ҳамда Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг (67) 225-48-67 рақамли “ишонч телефон”ига  қўнғироқ  қилишлари  мумкинлиги  эслатиб  ўтилди.

 

19.02.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг