Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз
1714
Биз коррупция ва унинг зарарли оқибатлари ҳақида жуда кўп эшитганмиз. Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунга келиб коррупция инсоният тараққиётига энг катта ғов бўлаётган иллатлардан бирига айланди.

Биргина мисол, БМТ ҳисоботига кўра коррупция туфайли ҳар йили дунё иқтисодиёти қарийб 3 трлн. АҚШ доллари миқдорида зарар кўради. Бу маблағ жаҳон ялпи ички маҳсулотининг тахминан 5 фоизига тенг демакдир. Коррупциянинг маънавий зарари эса ундан ҳам каттароқ. Чунки, коррупция авж олган жамиятда аламзадалик, қонунларни менсимаслик, эртанги кунга ишончсизлик, одамлар ўртасида табақаланиш, ҳокимият вакилларига нисбатан ҳурматсизлик авж олади. Халқнинг маънавий қадриятларига дарз кетади. Шу боисдан ҳам  коррупцияга қарши кураш узоқ ўйланган, пухта ишлаб чиқилган комлекс чора-тадбирларни тақозо этади.

Коррупциянинг келиб чиқиш ва кенг тарқалиши бўйича ҳам турлича фикрлар мавжуд. Айрим мутахассислар қонунучилик базасининг номукаммаллиги, режали иқтисодиёт, мамлакат бошқарув органларининг шаффоф эмаслигини коррупцияни келтириб чиқарувчи асосий омиллар деб ҳисобласалар, бошқа тадқиқотчилар жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг паст даражада эканлигини бу борадаги асосий муаммо деб биладилар. Умуман олганда, коррупцияни келтириб чиқарувчи ҳар бир омилга нисбатан бирламчи хавф сифатида қараш, унга қарши биргаликда курашиш лозим. Шундагина унинг кўламини камайтириш, аянчли оқибатларини бартараф этиш мумкин бўлади.

Бугунги кунда божхона органларида ҳам коррупцияга қарши кураш йўналишида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, тегишли таркибий тузилмалар томонидан коррупцияга қарши профилактик тадбирлар ўтказиш, ходимлар онгида ушбу иллатга нисбатан иммунитетни шакллантириш борасида бир қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Бу каби тадбирларнинг навбатдагиси Навоий вилояти божхона бошқармасида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Навоий шаҳар бош имом хатиби Дилшод Эргашев ҳамда божхона ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирда Д.Эргашев томонидан коррупцион жиноятларнинг бир томони унинг ҳуқуқий оқибатлари бўлса иккинчи томони диний оқибати эканлигига тўхталиб ўтилди. “Дарҳақиқат, коррупция ва порахўрлик билан мол-дунё топиб, топган ноҳалол ризқ билан оиламизни боқар эканмиз келажакда фарзандларимиздан буюк инсонларни, меҳрни ва солиҳ амалларни кутмайлик” – дейди, Д.Эргашев, – Бу каби фикрлари исботи тариқасида диний китобларда ёзилган фикрлар ва ҳадислардан мисоллар келтирди. 

Тадбир давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил тушунтиришлар берилди.

19.02.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг