Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан имзоланган 2021 йил I чоракда ўтказиладиган матбуот тадбирлари Медиа-режасига мувофиқ ташкил этилган мазкур тадбирда журналистлар ва блогерлар ваколатли иқтисодий оператор мақомини қўлга киритиб, божхона соҳасидаги қулайликлар ва имтиёзлардан самарали фойдаланиб келаётган корхоналарда бўлишди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5582-сон Фармонига мувофиқ 2019 йил 1 февралдан бошлаб, инсофли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишни назарда тутувчи халқаро стандартларга мувофиқ ваколатли иқтисодий операторлари институти жорий этилди.
Бугунги кунда республикада ваколатли иқтисодий оператор мақомига эга бўлган 30 дан ортиқ юридик шахс божхона операцияларини амалга оширишда махсус соддалаштиришлардан фойдаланиб келмоқда.
Мазкур институтнинг жорий этилиши божхона тартиб-таомилларининг янада соддалаштирилишига, божхона органлари фаолияти самарадорлигини оширишга, шунингдек, бизнесни ривожлантириш йўлида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Божхона тартиб-таомилларини халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш, махсус соддалаштиришлар рўйхатини ҳамда ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш учун танлаш мезонларини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 24 августда “Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 500-сон қарор қабул қилинди.
Мазкур Низом ваколатли иқтисодий операторлар фаолиятини ташкил этиш тартибини аниқ белгилаб бериш, ваколатли иқтисодий операторларга тақдим этиладиган махсус соддалаштиришлар рўйхатини соҳага оид халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда янада кенгайтириш, ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш учун танлов мезонларини ва тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш, мазкур институтни соҳага оид илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш имконини бермоқда.
Ваколатли иқтисодий оператор мақомини турли тоифадаги юридик шахслар олишлари мумкин. Мазкур қарор қабул қилингунига қадар ваколатли иқтисодий оператор мақомини фақатгина товарлар экспорт ва импортини амалга оширувчи ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари олиш имкониятига эга бўлишган бўлса, эндиликда бу мақомни божхона омбори эгалари, божхона брокерлари ҳамда божхона ташувчилари ҳам олишлари мумкин.
Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, ваколатли иқтисодий операторлар учун 3 турдаги (биринчи, иккинчи ва учинчи турдаги) гувоҳномалар жорий этилган.
Ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш учун танлаш мезонлари ҳам соддалаштирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 22722-моддаси иккинчи қисми танлаш мезонларидан чиқариб ташланди.
Ваколатли иқтисодий операторлар учун божхона юк декларацияси тақдим этилгунга қадар товарларни чиқариб юбориш бўйича янги махсус соддалаштириш жорий этилди.
Ҳозирда ваколатли иқтисодий операторлар реестри - божхона операцияларини амалга оширишда соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган ва гувоҳномага эга бўлган юридик шахсларнинг рўйхати Давлат божхона қўмитаси томонидан шакллантирилиб, қўмитанинг расмий веб-сайтига жойлаштириб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатли иқтисодий операторлар бўла олмайди.
Пресс тур давомида иштирокчилар қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “East-West Invest” қўшма корхонасида, пластиқ идишлар ва қадоқлар ишлаб чиқарувчи “Tarleplast” корхонасида ҳамда қоғоз маҳсулотлари, гигиеник салфеткалар ишлаб чиқарувчи “Pull and Paper” корхонасида бўлишди.
Пресс тур давомида корхона вакиллари ваколатли иқтисодий оператор мақомининг афзалликлари хусусида ўз тажрибаларидан келиб чиқиб атрофлича тўхталиб ўтишди.
Энг катта қулайликлардан бири шундаки, ваколатли иқтисодий операторлар божхона тўловларини бўлиб-бўлиб ёки кечиктириб тўлаш имконига эгалар. 2019 йилдан ҳозирга қадар операторлар мазкур имкониятлардан 1600 маротабадан ортиқ фойдаланишган ва натижада 157 млрд. сўмдан зиёд божхона тўловларини бўлиб-бўлиб ёки кечиктириб тўлаш имконига эга бўлишди.
Яна бир қулайлик – ваколатли иқтисодий операторлар ишлаб чиқаришда зарур бўлган хом ашё ва товарларни божхона омборига туширмасдан туриб, ўз омборларига тўғридан тўғри тушириш имкониятига эга бўлишмоқда. Ҳозирга қадар операторлар мазкур имкониятдан 7 минг маротабадан зиёд фойдаланишди.
Ваколатли иқтисодий операторлар сонининг ортиши республикамизда қонунга итоаткор ва ҳалол тадбиркорларни рағбатлантириб, уларнинг сафи кенгайишига, пировардида мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишига хизмат қилади.
Пресс тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.
19.02.2021