Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистон Савдони соддалаштириш глобал Дастурида иштирок этади
3181
Давлат божхона қўмитасида Швейцария Конфедерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Оливье Шав билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Савдони соддалаштириш глобал Дастурида иштирок этади

Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Азимов Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарликларида ташқи савдони янада либераллаштириш, унинг очиқлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган саъй ҳаракатлар натижасида, божхона тартиб-таомиллари янада соддалаштирилиб, халқаро стандартларга мувофиқлаштирилаётганлигини таъкидлади.

Ўз навбатида элчи жаноблари Ўзбекистонда барча соҳалар қаторида, ташқи савдо ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни қизиқиш билан кузатиб бораётганлигини, айниқса халқаро ҳамжамият мазкур ўзгаришларга бефарқ эмаслигини қайд этди.

Тадбирда томонлар илк бор Савдони соддалаштириш глобал Дастурининг расмий ҳужжатларини имзолашди.

Мазкур Дастур Жаҳон божхона ташкилоти томонидан ташқи савдо соҳасида юксак салоҳиятга эга бўлган ривожланаётган давлатлар фаолиятини халқаро савдо соҳасидаги стандартларга мувофиқлаштириш ҳамда экспорт, импорт ва тижорат товарларининг ҳаракатланиши соҳасида тажрибаларини оширишга қаратилган бўлиб, у Швейцария Конфедерацияси томонидан молиялаштирилади.

2019 йилнинг март ва ноябрь ойларида республикамизга ташриф буюрган Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби К.Микуриа Ўзбекистон Республикасини мазкур Дастурга аъзо бўлишга таклиф қилган эди. Боиси, мамлакатимизнинг минтақада ташқи савдо соҳасида очиқ ва шаффоф давлат сиёсатини юритаётганлиги халқаро даражада юксак эътироф қилинмоқда.

Айниқса, 2020 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо соҳасида халқаро даражада эътироф этилган ҳужжатларга - Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича Киото Конвенцияси ва Вақтинча олиб кириш бўйича Истанбул Конвенциясига қўшилганлиги республикамиздаги тадбиркорлик ва инвестиция муҳитининг жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистоннинг мазкур Дастурда иштироки келгусида республиканинг ташқи савдо соҳасидаги салоҳиятини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Дастур доирасида божхона ва ташқи савдо соҳасида бошқа назорат қилувчи органлар фаолиятини қуйидаги асосий йўналишларда такомиллаштириш мақсад қилинган:

- “Ягона ойна” автоматлаштирилган ахборот тизимини халқаро стандартларга мувофиқлигини баҳолаш;

- Товарларни чиқариб юбориш ўртача вақти бўйича таҳлиллар ўтказиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

- Божхона аудити назоратини ўтказишни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш;

- Савдо жараёнларини соддалаштиришнинг бошқа йўналишларида илғор хорижий давлатлар тажрибасини қўллаш ва бошқалар.

Мазкур ҳамкорлик республикамизда божхона тартиботларини янада соддалаштиришга ёрдам беради.

16.02.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг