Сиз шу вақтга қадар асосан мамлакатимизнинг халқаро аэропортларида гувоҳ бўлган "яшил" ва "қизил" йўлаклар 2021 йилдан бошлаб автомобиль ва темир йўл ўтказиш пунктларида ҳам жорий қилинди.
Шу муносабат билан, Тошкент марказий темир йўл вокзалида худди чегара божхона постларидаги каби барча назорат органларининг фаолият юритишини таъминловчи алоҳида зал фаолияти йўлга қўйилди. Бу ерда паспорт назорати, санитария-эпидемиологик назорат, божхона назоратини амалга оширилиши учун барча шароитлар муҳайё қилинди.
Ваҳоланки, илгари хорижга қатнаётган йўловчи поездлари мазкур вокзалдан 18 км олисда жойлашган “Келес” темир йўл чегара божхона постида божхона назоратидан ўтиши учун соатлаб тўхтатилиб туриларди.
Божхона ходимлари эса, вагонларга чиқиб, ноқулай шарт-шароитларда божхона кўригини амалга оширишарди. Табиийки, бу айрим ҳолларда йўловчиларнинг, айниқса, хорижий сайёҳларнинг ҳақли эътирозларига ҳам сабаб бўларди.
Энди эса, бу каби ҳолатларнинг олди олинди. Йўловчилар поезд вагонидан тушишгач вокзалнинг ўзида, саноқли дақиқаларда божхона назоратидан ўтишади.
Шу вақтга қадар асосан халқаро аэропортларда бўлган божхонадаги икки йўлакли "яшил" ва "қизил" йўлакларни энди Сиз Тошкент марказий темир йўл вокзалида ҳам учратишингиз мумкин.
Поездларда хориждан кириб келаётган йўловчилар энди янада вақтларини тежаган ҳолатда божхонадан осонлик билан, декларация тўлдирмаган ҳолда “яшил” йўлак орқали ҳаракатланишлари мумкин. Фақатгина чекланган нормалардан ортиқча товар ва валюта қимматликларини олиб ўтаётган шахсларгина йўловчи божхона декларациясини тўлдириб, “қизил йўлак”дан ҳаракатланишлари мумкин.
Божхона назорати ва расмийлаштирувининг соддалаштирилган мазкур тартиби йўловчиларнинг вақтини тежашга ва кўзлаган манзилга тезроқ етишларига ҳамда туризмни ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.
16.02.2021