Ҳарбий қисм, “Урганч аэропорти” чегара божхона пости, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Урганч ҳарбий прокуратураси ҳамкорлигида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳарбийлик касбига қизиқишини ошириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳияти намойиш этилди.
Ҳарбийлар томонидан ёшларга миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий ҳарбий техника имкониятлари, қурол-аслаҳалардан фойдаланиш қоидалари, ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчилар ва аскарларга яратилган шароитлар ҳақида кенг маълумот берилди.
Тадбирда Давлат божхона қўмитаси Божхона институти 4-курс курсантлари ҳам иштирок этишди. Курсантлар томонидан Божхона институтида яратилган шароитлар, ўқув жараёнлари ҳамда мазкур институтга топшириладиган ҳужжатлар ва божхона курсанти бўлиш учун қўйиладиган талаблар тушунтирилди.
Шунингдек, ёшлар божхона назоратининг замонавий техник воситалари билан яқиндан танишиб, ўз қўллари билан техник воситаларни ишлатиб кўриш билан бирга, Миллий кинология марказида тайёрланадиган гиёҳвандлик воситалари, портловчи моддалар, қурол-яроғ, ўқдори, портловчи моддалар, валюта қимматликларини қидириб топиш, тамаки маҳсулотларни қидириш шунингдек, антитеррор, из-қидирув, ҳимоя-қоровул хизмати, қидирув-қутқарув хизмати ва мина қидирув йўналишлари бўйича хизмат итлари тайёрланиши тўғрисида маълумот берилди.
Тадбир давомида, махсус вазифаларни бажарувчи сафарбарлик взводи ҳарбий хизматчилари томонидан жанговар ва қўл жанги санъати ҳамда кинологларнинг хизмат ити иштирокида кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Бугунги тадбир ҳарбийлик касбига бўлган қизиқишим, меҳримни янада оширди – дейди Урганч Давлат университети талабаси Ботир Шодликов –ҳарбийлар ва аскарлар ҳаёти билан яқиндан танишар эканман, Ватан ҳимоячиси бўлиш қарорим янада қатъийлашди.
Тадбир сўнгида, ўқувчи ёшлар, талабалар ва ҳарбий қисмда хизмат қилаётган аскарлар ўртасида спортнинг арқон тортиш, тош кўтариш, стол тенниси мусобақалари ўтказилиб, ғолиблар муносиб тақдирланди.
Бу каби тадбирлар ёшлар кўнглида Ватанга бўлган меҳрни, ватанпарварлик руҳини уйғотади десак муболаға бўмайди.
15.02.2021