Шоирнинг бебаҳо ижод намунаси, ҳаёт йўлини янада чуқурроқ ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқининг бошқармадаги бошланғич ташкилоти етакчи ва сардорлари ташаббуси билан адабиёт кечаси ташкил этилди.
Тадбирда Нукус Давлат педагогика институтининг филология фанлари бўйича фалсафа доктори Ш.Алдашева ва мазкур даргоҳ ўқитувчиси Ё.Мадримова ҳамда бошқарма шахсий таркиби иштирок этиб, шоҳ ва шоирнинг ҳаёти ва ижоди, сулоланинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш сирларига назар ташланди.
Бобур ўзининг маълум ва машҳур асарлари билан тарихнавис адиб, лирик шоир ва ижтимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида халқимиз маънавий маданияти тарихида муносиб ўрин эгаллайди.
Бобур сиймосини белгилайдиган хусусиятлар орасида унинг Темурийлар салтанатини сақлаб қолиш, сийсий ва иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам давлат тузишга бўлган саъй-ҳаракатлари алоҳида кўзга тушади. Бу курашларда у мард ва жасоратли, узоқни кўзлайдиган арбоб ва моҳир саркарда сифатида кўринади.
У ёшлигидан қўлига қилич олишга мажбур бўлиб, ҳарбий санъатни ҳаётнинг машаққатли мактабидан ўрганиб, уни мукаммал эгаллайди. Жангларда ўзининг ботирлиги ва матонати билан атрофдагиларга шахсан намуна кўрсатади, жангчиларни ғалабага руҳлантиради.
Шунингдек, Бобурийлар давлатидаги маданий муҳитнинг Бобур бошқарган Ҳиндистон учун аҳамияти ҳақида Жаваҳарлаъл Неру шундай ёзади: “Бобур Ҳиндистонга келгандан кейин катта силжишлар юз берди ва янги рағбатлантиришлар ҳаётга, санъатга, архитектурага тоза ҳаво бахш этди, маданиятнинг бошқа соҳалари эса бир-бирларига туташиб кетди.”
Дарҳақиқат, она заминимизда туғилиб ўсган, келажакда тақдир тақазоси билан ўзга юртда шоҳ бўлиб, уни том маънода гуллантирган, катта силжишларга чорлаган, умрининг охирги кунларигача Ватан соғинчи билан яшаб, бу ҳақида кўп бора қалам тебратган буюк Ватандошимизнинг ҳаёт йўли ва серқирра ижодини ўрганиш, ундан ибрат олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
14.02.2021