Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Фарғона” чегара-божхона пости ҳамда “Чашма” божхона пунктининг замонавий бино ва иншоотлари фойдаланишга топширилди
1449
Шу кунларда Фарғона аҳлининг юз-кўзида кўтаринки кайфият, эртанги кунга ишонч ва бугунги ҳаётидан мамнунлик акс этган. Боиси оддий, Президентимиз қайсики вилоятга бормасин, ўша ҳудудда ислоҳотларнинг янада жадаллашувига, ташаббус ва бунёдкорлик шиддатига шиддат қўшмоқда.
“Фарғона” чегара-божхона пости ҳамда “Чашма” божхона пунктининг замонавий бино ва иншоотлари фойдаланишга топширилди

Жумладан, давлат божхона хизмати органларида ҳам амалга оширилаётган ўзгаришлар ва янгиланишларнинг навбатдаги маҳсули – “Фарғона” чегара-божхона постининг янги ва замонавий биноси фойдаланишга топширилиши ҳам айнан Президентимиз ташрифи арафасида рўй бергани ўзига хос рамзийликка эга.

Сўлим Водил қишлоғида бундан 30 йил муқаддам ташкил қилинган “Фарғона” чегара-божхона пости орқали Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳаракатланишади.

Пост ғоятда муҳим аҳамиятга эга эканлигини қуйидаги рақамларда кўриш мумкин. Масалан, 2019 йилда ушбу пост орқали 2 миллион 87 минг нафар, 2020 йилда эса 517 минг нафар жисмоний шахслар ҳаракатланган.

Пост орқали ҳаракатланган автотранспорт воситалари сони 2019 йилда 332805 тани, 2019 йилда эса 103713 тани ташкил қилган.

Лекин, тан олиб айтиш керак-ки, пост нафақат замонавий божхона стандартларига балки, бу ерда ҳаракатланаётган жисмоний шахслар учун зарур бўлган энг оддий талабларга ҳам жавоб бермас эди.

Президентимизнинг 2020 йил 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифидан сўнг “Фарғона” чегара-божхона пости ҳамда “Чашма” божхона пунктини замон талабларига мос равишда реконструкция қилиш юзасидан топшириқлар берилган эди. Ўтган қисқа фурсат - ярим йил ичида мазкур божхона объектларида 11,2 миллиард сўмлик қурилиш ва монтаж ишлари амалга оширилди ва тубдан янги қиёфа касб этди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали очилиш маросими давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланди.

Тадбирда Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти, пост шахсий таркиби, божхона фахрийлари, постда хизмат олиб бораётган турли давлат идоралари вакиллари, пост қурилишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган қурувчилар иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар Президентимиз томонидан божхона соҳасига кўрсатилаётган эътибор, божхона постларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари энг аввало иккала мамлакат халқларининг манфаатларига, ўзаро дўстлигига хизмат қилишини таъкидлашди.

Шу куни бир вақтнинг ўзида “Чашма” божхона пунктида ҳам тантанали тадбир ташкил этилиб, иккала тадбир иштирокчилари видеоконференция тарзида мулоқот қилишди.

 Таъкидлаш жоизки, “Чашма” божхона пункти ҳам амалга оширилган реконструкция ишларидан сўнг бутунлай янги замонавий қиёфа акс этди.  

 “Фарғона” чегара-божхона постининг маъмурий биносида сизни дастлаб ҳалолликка ундовчи шиор қарши олади. Миллий қиёфа касб этган постнинг музокаралар залида эса иккала мамлакатнинг нафақат божхона соҳаси вакиллари, балки заруратдан келиб чиқиб, барча давлат органлари икки томонлама музокараларни ўтказишлари мумкин.

Ваҳоланки, илгари зарурат туғилганда, иккала мамлакат делегацияларининг ишчи учрашувларини ташкил қилиш учун бу каби заллар йўқ эди.

Постда ходимлар спорт билан шуғулланишлари учун тренажёр зали, билимларини мустаҳкамлаб бориш учун эса кутубхона ташкил қилинган.

Пост фаолияти билан танишув жараёнида Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти ва меҳмонлар ёш божхоначилар билан суҳбат қуришди. Президентимиз томонидан ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг қадрига етиб, ёшлар мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланишга, ўз касбининг сир-асрорларини пухта эгаллашга даъват қилинди.

Шунингдек, постда бу ерда хизмат олиб бораётган барча назорат органлари ходимлари учун замонавий ошхона ва дам олиш хоналари ҳам бунёд этилди.

Муҳим жиҳатга эътибор қаратинг, бунёдкорлик ишларидан сўнг “Фарғона” чегара-божхона пости ҳудуди деярли 2 баробарга кенгайиб, 1.6 га. майдонни эгаллади. Жисмоний шахслар ҳаракатланиши учун бу ерда ёпиқ бинода кириш ва чиқиш заллари қурилди.

Ваҳоланки, илгарилари пиёдалар қишнинг совуқ, ёзнинг иссиқ кунларида ҳам, ёғингарчилик паллаларда ҳам очиқ осмон остидаги ўтказиш пункти орқали ҳаракатланишар эди.

2021 йилдан бошлаб, ушбу постда ҳам божхона назоратидан ўтишда икки йўлакли тизим – “яшил” ва “қизил” йўлаклар жорий қилинди. Божхона назоратининг замонавий техник воситалари, шу жумладан боди-сканер  - инсон тана аъзоларини сканерловчи ускуна билан таъминланди.

Шу куни очилиш маросими иштирокчилари божхона пости орқали ҳаракатланаётган юртдошларимиз ва қўшни давлат фуқаролари билан ҳам яқиндан суҳбатлашишди.

Давлат назорати органлари томонидан ўтказиш пунктида ҳайдовчилар, товарлар ва транспорт воситаларининг чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назорат тартиб-таомиллардан ўтказилиши «Ягона дарча» божхона ахборот тизими асосида амалга оширилади. Маълумотларнинг электрон равишда ўзаро алмашинуви натижасида эса ҳайдовчиларнинг энг аввало, вақти тежалади.

Пост орқали ҳаракатланаётган юртдошларимизнинг сўзларига қулоқ тутар эканмиз, мамлакатимиздаги ўзгаришлар, янгиланишлар уларнинг тафаккурига ҳам кўчганига ишонч ҳосил қилдиқ.

Иккала мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, яқин қўшничилик алоқаларининг мустаҳкамланишида бугун тубдан ўзгарган “Фарғона” чегара божхона пости ҳам ўзининг муҳим ҳиссасини қўшади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, ўртамизда чегара эмас, дўстлик дарвозалари бўлади!

14.02.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг