Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Наманган вилоятида тадбиркорларнинг таклиф ва муаммолари яқиндан ўрганилди
1562
Мамлакатимиз экспорт салоҳиятини кенгайтириш, тадбиркорликни қўллаб - қувватлаш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқаришни тизимли ташкил этиш борасида божхона органлари томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, ишбилармон тадбиркорларга амалий кўмак бериш, улардаги муаммоларни ўрганиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари М.Салиев “Наманган” эркин иқтисодий зонасида фаолият олиб бораётган экспортёр корхоналарга ташриф буюрди.

Ташриф давомида тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи "CHUST TEXTILE" хусусий корхонаси иш жараёнлари билан танишилди.

Мазкур корхонага Италия, Туркия, Хитой ва Тайван каби дунёнинг энг илғор давлатларидан умумий қиймати 5,0 млн АҚШ долларига тенг сўнги русумдаги технологик ускуна ва дастгоҳлар божхона тўловларидан имтиёз қўлланилган ҳолда олиб келиниб, ўрнатилиб 2018 йил иш фаолиятини йўлга қўйган.

Айни пайтда 1150 нафар иш ўрнига эга ушбу корхона пандемия даври бўлишига қарамасдан 2020 йил мобайнида 10,2 миллион АҚШ долларлик тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини Россия, Польша ва Европанинг бир қатор давлатларига экспорт қилди. Бугунги кунда корхонани янада кенгайтириш борасида олиб борилаётган истиқболли лойиҳалар билан танишилди.

Учрашув давомида божхона расмийлаштируви ва назорати бўйича корхонада мавжуд муаммо ва камчиликлар ўрганилди. Соҳага оид саволларга жавоб берилди ва маҳсулотларнинг экспорт географиясини янада кенгайтириш ҳамда текстил маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича корхона раҳбари ўзининг таклифларини билдириб ўтди.

Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бугунги кунда  ҳалол тадбиркорлик субъектлари учун дунё бозорлари эшиклар кенг очилган. Берилган бу каби  имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланиб, ўз фаолиятини қонуний амалга ошираётган ҳар қандай тадбиркорлик субъекти қонун ҳимоясидадир. Божхона органлари ходимлари эса тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ва ҳамкорликда соҳада вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф қилишга доимо тайёр.

 

14.02.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг