Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, кодекснинг 2274-моддаси бешинчи қисми яъни товарларни, транспорт воситаларини ва уларнинг ҳужжатларини етказиб беришнинг божхона органи томонидан белгиланган муддатига риоя қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик чиқариб ташланди.
Таъкидлаш жоизки, шу вақтга қадар ушбу модда билан қўзғатилган маъмурий ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш жараёни маълум бир вақт талаб этиб, бу ташувчилар товар ва транспорт воситаларини етказиб бериш муддатига ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётган эди.
Шу сабабли, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги “Божхона йиғимлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида” 700-сон қарори билан божхона назорати остида ташилаётган товар ва транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун божхона йиғими жорий этилди.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхона назорати остида ташилаётган товар ва транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган 281 та ҳолатда мазкур йиғимлар ундирилди.
Бу эса ўз навбатида, мазкур ҳолатлар бўйича маъмурий ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш жараёнига кетадиган ташувчиларнинг вақти тежалишига хизмат қилмоқда.
Шунингдек, кодекснинг 22716-моддаси қуйидаги мазмундаги олтинчи қисм билан тўлдирилди:
“Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига илгари олиб кирилган транспорт воситасини Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан ташқарига белгиланган муддатда олиб чиқмаган шахс қонунчиликда белгиланган йиғимни ўз ихтиёри билан бир иш куни ичида тўлаган тақдирда, жавобгарликдан озод этилади”.
Божхона кодексининг 158-моддасига асосан чет эллик жисмоний шахслар нотижорат мақсадларга мўлжалланган транспорт воситаларини республика ҳудудида бўлиш муддатида фойдаланиш учун божхона тўловларисиз вақтинча олиб кириш ҳуқуқига эга.
Божхона кодексининг 159-моддасига кўра, транспорт воситасини вақтинча олиб киришнинг муддати календарь йил мобайнида жами тўқсон календарь кундан ошмаслиги, муддат тугаганидан сўнг транспорт воситалари божхона ҳудудидан қайтариб олиб чиқилиши ёки тегишли божхона режимига жойлаштирилиши лозим.
Мазкур муддатни узайтириш, Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги 700-сон карорига асосан, транспорт воситасини қайтариб олиб чиқиб кетиш муддатининг ўтказиб юборилган ҳар куни учун транспорт воситасининг ҳар бир от кучи учун БҲМнинг 0,7 % миқдорида йиғим ундириш орқали амалга оширилади.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22716-моддасида хорижий автотранспорт воситасини республика ҳудудидан қайтариб олиб чиқиш муддатини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Муқаддам, ушбу ҳолатда кечиктирилган кунлар учун белгиланган йиғимни ўз ихтиёри билан тўлаган тақдирда ҳам шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган. Бугунги кунда, ушбу қонун билан маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахслар белгиланган йиғимни бир иш куни муддатида тўлаган тақдирда, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши белгиланди.
Ўз навбатида, республика ҳудудига вақтинча олиб кирилган хорижий автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига қулайлик яратиш мақсадида, ДБҚ ЯААТ дастурлари нодавлат процессинг марказлари электрон тўлов тизимлари (“Upay”, “Click”) билан интеграция қилиниб тегишли йиғимни электрон тарзда миллий тўлов тизимлари орқали тўлаган ҳолда “мажбуриятнома” муддатини реал вақт режимида автоматик узайтириш имконияти яратилди.
Тизим жорий этилиши натижасида, ҳайдовчиларнинг ортиқча вақт сарфи олди олиниб, уларнинг божхона органларига мурожаати, тўловни банкка тўлаши, мурожаатлари қабул қилиниши, кўриб чиқилиши, йиғим ҳисобланиши ҳамда ДБҚ ЯААТ дастурларига тегишли маълумотларнинг киритилиши каби ҳаракатлар автоматлаштирилди.
Бунда, ҳайдовчи ўзининг мобиль телефонидан фойдаланган ҳолда миллий тўлов тизимлари иловасига мажбуриятнома рақамини ва мажбуриятнома муддатини узайтириш санасини кўрсатиб, белгиланган йиғимларни тўлаган ҳолда автотранспорт воситасини республика ҳудудида бўлиш муддатини автоматик узайтириши мумкин.
Ушбу жараён тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, божхона ходимларининг иштироки талаб этилмайди.
Табиийки, буларнинг барчаси божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларда муҳим аҳамият касб этади.
Азамат Абсаломов,
Давлат божхона қўмитаси
Божхона назоратини ташкил этиш
бошқармаси катта инспектори
11.02.2021