Дастлаб, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида жойлашган ресторанлардан бирининг олдида А.А. исмли шахс аввалдан келишилган гиёҳвандлик воситасининг бир қисмини яъни 199,73 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини шартли харидорга 3000 АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинди.
Шндан сўнг ушбу шахсга хорижий давлат фуқароси томонидан гиёҳвандлик воситаси учун олиниши лозим бўлган 3000 АҚШ доллар пулларни Тошкент шаҳрида кутиб турган “Д” исмли шахсга етказиб бериши ҳақида телефон орқали кўрсатма берилгач, тезкор тадбир Тошкент шаҳар, Учтепа туманида давом эттирилди. Ушбу туман ҳудудидаги кафелардан бирининг ёнига “Cobalt” русумли автотранспорт воситасини бошқариб келган фуқаро Э.Д. 3000 АҚШ долларни олаётган вақтида ушланди.
Шундан сўнг, мазкур шахснинг автотранспорт воситаси кўздан кечирилганида, автомашина салони ва юкхонасида картон коробкаларга жойланган ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 100 млн. сўмлик жами 1951 қути 17 хил турдаги дори-воситалари борлиги аниқланди.
Шундан сўнг жиноий фаолиятни тўлиқ фош этиш ва аввалдан келишилган гиёҳвандлик воситасини қолган қисмини аниқлаш бўйича олиб борилган тезкор-тадбирлар давомида, жиноий гуруҳ аъзолари томонидан Ангрен шаҳардаги кўприк тагига яшириб кетилган 900,3 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси, яна бир жиноий гуруҳ аъзоси Х.Ж.нинг ижарада яшаб келаётган хонадонидан эса 328,65 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси ҳамда ишга алоқадор бошқа ашёлар аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинди.
Олиб борилган терговга қадар текширув давомида аниқланишича, юқоридаги гиёҳвандлик воситалари қўшни давлатдан ноқонуний йўллар билан олиб ўтилганлиги ҳамда қонунга хилоф тарзда пуллаш режалаштирилганлиги аниқланди.
Экспертиза хулосасига кўра тезкор тадбирлар давомида 1 кг 428,68 грамм “Гашиш” гиёҳвандлик воситаси ҳамда 4,21 грамм “Каннабис” уруғи ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда мазкур холат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди.
11.02.2021