Бордур инсон зотида онча шараф,
Ким, ямон ахлоқин этса бартараф.
Алишер Навоий
Улуғ мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг бой маънавий мероси асрлар оша бутун башариятни ҳайратга солиб, инсонлар қалбига, онгу шуурига эзгулик, инсонпарварлик, саховат, меҳр-мурувват зиёсини таратиб келмоқда. Мутафаккирнинг асарларида инсонга муҳаббат, эзгулик, тўғрилик, ҳалоллик, илм-ҳунар ўрганиш, ота-онага меҳр, катталарга айниқса, устозга эҳтиром сингари олижаноб фазилатлар талқин этилади.
Алишер Навоий ўз асарларида ёшларни тарихни билишга, Ватанга садоқатли, фидойи бўлишга, керак бўлганда жасорат кўрсатишга чорлайди. Маълумки, Навоий нафақат улуғ шоир, балки давлат арбоби, мамлакат тараққиётига фаол таъсир кўрсатган шахсдир. У қарийб ўттиз йилдан ортиқ умрини давлат бошқарувига сарфлади, яъни султон Ҳусайн Бойқаронинг энг яқин маслаҳатчиси сифатида фаолият юритди. Навоийнинг ҳаёти Хуросоннинг XV аср иккинчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий ҳамда маданий ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Шоирнинг барча асарларида ҳаёт, адолат ва ҳақиқат улуғланади, ҳалол меҳнат, ақл ва билим билан бахт топиш қадрланади. Шу боисдан мамлакатимизда истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб улуғ бобокалонимизга эҳтиром кўрсатиш, асарларини ўрганиш уни дунёда кенг тарғиб этишга доимий эътибор қаратилмоқда.
Бу йил шоир таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан бобокалонимиз шарафига аталган Навоий вилоятида ҳам бир қатор тадбирлар ўтказиб келинмокда. Хусусан, Навоий вилояти божхона бошқармасида “Алишер Навоий ижодида инсонпарварлик ғоялари” мавзусида илмий-амалий учрашув ўтказилди. Мазкур учрашувда Навоий давлат кончилик институтининг Ўзбек ва чет тиллари кафедраси катта ўқитувчиси, А.Турсунов маъруза қилиб, йиғилганларга Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди, бой илмий мероси ҳақида муҳим маълумотларни етказди.
Вилоят бўйлаб шоир таваллудига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.
9.02.2021