Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси Интернет тармоғида «Podrobno.uz.» нашрида эълон қилинган мақола юзасидан муносабат билдиради
2375
«Podrobno.uz» сайти эълон қилган мақола юзасидан “Ғишткўприк” (маҳаллий аҳоли тилида “Черняевка” деб номланади) чегара божхона постида юзага келган мавжуд вазиятни шархлар эканмиз, мавзудан сал узоқлашган ҳолда дастлаб бу ердан ўтаётган жисмоний шахслар оқимининг кескин ўсиши сабаблари ҳақида тўхталиб ўтсак.
Давлат божхона қўмитаси Интернет тармоғида «Podrobno.uz.» нашрида эълон қилинган мақола юзасидан муносабат билдиради

Маълумки, жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш шароитларини умумэътироф этилган жаҳон стандартларига мувофиқлигини таъминлаш, божхона расмиятчилигини соддалаштириш мақсадида Президентимизнинг 2018 йил 6 февраль куни “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари қабул қилинди.

Мазкур Қарорга мувофиқ, жисмоний шахслар айрим турдаги товарларни истисно қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 300 (уч юз) АҚШ доллари миқдоридаги товарларни мамлакатимизга бож тўловларини тўламасдан олиб киришлари мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Бироқ, айрим фуқароларимиз, “тадбиркорлар”имиз божхона тўловларидан қочиб, берилган имтиёздан тижорат мақсадида фойдаланишга уриниш ҳолатлари ортиб борди.

Айрим фуқаролар товарларни ташиб беришни ўзига касб қилиб, бир кунда 7-8 мартагача чегарани кесиб ўтишгача боришди. 

Бу республикамиз ички бозорига сифати кафолатланмаган товарлар кириб келиши ортидан, нафақат мамлакатимиз иқтисодий манфаатлари, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатлари, балки юртдошларимиз саломатлигини ҳам маълум бир даражада хавф остига қўя бошлади.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2018 йил 22 июндаги “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 463-сон қарори билан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари тасдиқланди.

Қарор қабул қилингач, товарлар олиб ўтиш ҳажми кескин камайди. Шу боисдан “тадбиркор”лар товар олиб ўтиш мақсадида бошқа фуқароларни жалб этиш, соддароқ айтганда маълум бир ҳақ эвазига уларни ёллаш йўлига ўтишди.

Натижада, бир кунда “Ғишткўприк” чегара божхона постини кесиб ўтаётган шахсларнинг сони қарийб 40 000 нафарга етди ва уларнинг аксариятини ана шу ёлланган “ташмачилар” ташкил этмоқда ҳамда божхона органлари томонидан ана шундай шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.

Бундай вазиятда, “Ғишткўприк” чегара-божхона постида кексалар, аёллар, имконияти чекланган шахслар, ёш болали ота-оналар, ҳомиладор аёллар ҳамда ортиқча товарлари бўлмаган жисмоний шахсларга қулайлик яратиш мақсадида улар учун алоҳида ўтиш йўлаги жорий қилинди. 

Шуни таъкидлаш жоизки, қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорликнинг тобора ривожланаётганлиги, виза ва чегара бўйича келишувга эришилгани, аҳоли учун чегарадан ўтиш соддалаштирилгани, республикамизнинг бошқа давлатлар билан ташқи иқтисодий алоқалари ривожланиши натижасида товар айланмаси ҳажми ҳам кескин ортиб бормоқда.

Шунингдек, қўшни давлат фуқароларининг республикамиз ҳудуди орқали транзит ҳаракатланиши ҳам божхона постларида тирбандликларни юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Шу сабабли, “Ғишткўприк” чегара ўтказиш пунктининг ўтказиш имкониятларини янада кенгайтириш ва тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг декабрь ойида мазкур ўтказиш пунктида қўшимча бино ва иншоотларнинг фойдаланишига топширилиши натижасида фуқароларни ўтказиш қобилияти
2 баробарга ортиши кутилмоқда.

Жисмоний шахслар томонидан олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситаларини белгиланган тартибда кўздан кечирмаслик сифати кафолатланмаган ҳамда контрабанда товарларини кириб келишига шароит яратиб, республикамизнинг иқтисодий хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатади.

Шу боис, мамлакатимиз иқтисодий манфаатларини таъминлаш, хусусан яширин импортнинг таъсиридан ҳимоялаш мақсадида айни пайтда чегара-божхона постларидаги ноқулай вазиятни бартараф этиш бўйича Давлат божхона қўмитаси томонидан тегишли ишлар олиб борилаётганини маълум қиламиз.

 

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати

 

 

26.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг