Бу борада Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда бир қатор тезкор тадбирлар ўтказишди.
Хусусан, ўтказилган тезкор табдирда Тошкент вилояти Янгийўл туманида 2 нафар фуқаролар тўхтатилиб, кўздан кечирилганида, уларнинг ёнидан 1 дона “Тропикамид” ва 1 дона капсула кўринишидаги “Регапен” дори воситалари борлиги аниқланди.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаро Б.Хнинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида, хонадондан 27 дона гугурт қутиларда ҳамда полиэтилен пакетда яшил рангли, ўткир ҳидли, “марихуана” гиёҳвандлик воситасига ўхшаш моддалар ва 2 дона елим идишлар борлиги аниқланди.
Шунингдек, тезкор тадбир давомида ушбу хонадонда ноқонуний тарзда сақлаб келинган 2 дона 3 литр ҳажмли шиша идишдаги яшил рангли, ўткир хидли, ўтсимон моддалар ҳамда 3 дона шаффоф полиэтилен пакет парчалари борлиги аниқланди.
Банкалардаги моддалар 716,85 грамм “Марихуана” гиёҳвандлик воситаси, 3 дона полиэтилен пакет бўлакларида эса 0,1089 гр оғирликдаги “Опий” гиёҳвандлик воситаси қолдиқлари эканлиги маълум бўлди.
Экспертиза текширувларига кўра, хонадонда аниқланган мазкур моддалар “Марихуана” гиёҳвандлик воситаси бўлиб, оғирлиги 197,36 грамм эканлиги, 1 дона чекиш учун мўлжалланган елим идиш (баклажка)да фаол гиёҳванд модда “Тетрогидроканнабинол”нинг излари мавжуд эканлиги фош бўлди.
Юқорида ўтказилган тезкор тадбир давомида жами 914,21 грамм “Марихуана” гиёҳвандлик воситаси, 0,1089 гр оғирликдаги “Опий” гиёҳвандлик воситаси қолдиқлари ҳамда “Тетрогидроканнабинол” гиёҳванд моддасининг излари аниқланиб, ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
6.02.2021