Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Адиблар хиёбонида “Жаҳон тамаддунида – Темурийлар даври ренесcанси” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
1231
Мустақиллик йилларида юртимизда тарихни ёзма манбалар асосида тадқиқ этишга эътибор кучайди, аждодларимиз томонидан узоқ ўтмишда яратилган маданий-маънавий меросни ўрганиш ва тарғиб қилиш долзарб масалалар қаторига қўйилди.
Адиблар хиёбонида “Жаҳон тамаддунида – Темурийлар даври ренесcанси” мавзусида маданий-маърифий тадбир  бўлиб ўтди

Илм-фан, маданият ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг унутилган номлари қайта тикланди. Дунё тамаддунида биз фахр билан тилга оладиган ҳар иккала шарқ ренеcсанси аждодларимиз номи билан боғланади. Илм-фан, адабиёт, маданият, санъатни гуллаб яшнаган даври бу шубҳасиз  Темурийлар даври, чин маънода Темурийлар даври ренесcанси дейишга тўла ҳақлимиз.

Анашу даврнинг атоқли ва дунё тамаддунига катта ҳисса қўшган алломалари буюк мутафаккир Алишер Навоий ва шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурлар ҳисобланади.

Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурлар каби буюк алломалар туркий тил ривожига ўзининг яратиб қолдирган асарларида инсонпарварлик, халқпарварлик, адолатлилик, гўзалликни тараннум этувчи ғоялари билан тўйинтириш билан бир қаторда ижтимоий-сиёсий қарашлар ҳам кенг қамровга эга ҳисобланади.

Бу буюк алломалар нафақат ижод жабҳасида шу билан бир қаторда давлат арбоби, давлат бошқарувининг адолатли йўлини тутган давлат арбоблари саналади.

 Шу боисдан Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурни Темурийлар даври ренесcансининг йирик намоёндалари деб эътироф этилади, улар яратиб қолдирган нодир асарларда кўтарилган ғоялар тадқиқ этилиб келинмоқда.

 Жорий йилнинг 5 февраль куни Адиблар хиёбони Алишер Навоий ҳайкали пойида Давлат божхона қўмитаси, Божхона институти,  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан “Жаҳон тамаддунида – Темурийлар даври ренесcанси мавзусида маданий-маърифий тадбир  ташкил этилди.

Тадбирда Ғайрат Мажид, Нурбой Жабборов, Муродхон Калонхонов, Олимжон Давлатов ва  Маъмуна Зоҳидова каби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва олимлар, шунингдек, Давлат божхона қўмитаси масъул ходимлари, Божхона институти профессор-ўқитувчилари ва курсантлар иштирок этишди.

Тадбир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланди.

Тадбирда сўз олган адабиётшунос олимлар, ёзувчилар томонидан Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутиши, улар ўзларининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Бу икки буюк алломанинг ибратли ҳаёт йўли, умуминсоний ғояларга йўғрилган асарлари асосида ёшларимизни қуроллантириб, ватани, халқига хизмат қиладиган ёш авлодни тарбиялашда энг муносиб қўлланма бўлишини айтиб ўтдилар.

-

Тадбирда Давлат божхона қўмитаси Раиси маслаҳатчиси Ҳ.Азизов сўзга чиқиб, ғазал ва шеърият султони, тасаввуф илмининг заргари Алишер Навоий ва ҳам шоир, ҳам саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби даҳолар бадиий ижодда, илмда, давлат бошқаруви ва ҳарбий санъатда обрў қозониши фақатгина бу йўналишларда эмас, балки миллат, халқаро ҳамжамиятнинг маънавий тафаккуридаги юксалишларга хизмат қилишини таъкидлади. Уларнинг ноёб истеъдоди, қолдирган бой мероси миллат нуфузи буюклигини сақлашга, номини кўкларга кўтаришини айтиб ўтди.

Бир сўз билан айтганда улар ва улардек буюк даражага, олий мартабага етган фарзандлар халқнинг бахти, иқболи ва саодатидир.

Тадбирда таъкидланганидек, Алишер Навоий она заминимиз Самарқандда 1465 йилдан 1469 йилнинг баҳоригача Фазлуллоҳ Абу Лайс мадрасасида ўқиб, илм олган. Ҳозирда мазкур ҳудудда масжид фаолият кўрсатаётган бўлсада, мадраса сақланиб қолмаган. Мазкур жойни ҳам муқаддас санаб, Алишер Навоийдек буюк зотга зиё улашган қадамжо ва илм маскани сифатида эъзозланиши лозим. Самарқанд шаҳри ҳокими ҳиротлик Аҳмад Ҳожибекнинг ёрдамида илк марта давлат ишлари билан ҳам шуғулланишни бошлаганлиги эътирофга молик. Алишер Навоийнинг Самарқанддаги сиёсий ва давлат фаолияти юқори баҳоланиб, унга “Чиғатой амири” унвони берилган.

Ҳазрат Алишер Навоий айнан шу заминда ўзи “Қутби тариқат” деб эътироф этган Хожа Аҳрор Валийни ўзига пир, ҳаммаслак билган. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳам ўз навбатида Навоий қаламининг мухлиси сифатида шоир ижодига юксак баҳо берган. Ўзаро хат ёзишиб туришган, бизгача Хожа Аҳрорнинг Навоийга ёзган 128 та хатлари етиб келган. Ёзишмалардан икки улуғ зот ўртасидаги пиру муридлик ва устоз-шогирдлик, дўст-биродарлик муносабатларини англаш мумкин.

У табиатан меҳр ва мурувватда, карам ва саховатда, камтарликда тенги йўқ инсон бўлган. Кийимига илашган чумолини уясига олиб бориб қўйганлиги, чодирига қўйган мусича инини палопонлари учгунга қадар бузмаганлиги ҳаммамизга ибрат бўлиши ҳам фарз, ҳам қарз.

Тадбир давомида Божхона институти ижодкор  курсантлари ғазалхонлик чиқишларини йиғилганларга ҳавола этдилар.

6.02.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг