Ғазал ва шеърият султони, тасаввуф илмининг заргари Алишер Навоий ва ҳам шоир, ҳам саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур бундай даҳолар бадиий ижодда, илмда, давлат бошқаруви ва ҳарбий санъатда обрў қозониши фақатгина бу йўналишларда эмас, балки миллат, халқаро ҳамжамиятнинг маънавий тафаккуридаги юксалишларга хизмат қилади. Бундай фарзандларнинг ноёб истеъдоди, қолдирган бой мероси миллат нуфузи буюклигини сақлашга, номини кўкларга кўтаришга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда улар ва улардек буюк даражага, олий мартабага етган фарзандлар халқнинг бахти, иқболи ва саодатидир.
Қарийб олти асрки, Алишер Навоий бутун дунё ҳамжамияти ва олимлари нигоҳини ўзига жалб қилиб келмоқда. Албатта, Навоийга ўхшаш доҳий шоир ёки Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек ҳам шоир, ҳам моҳир саркардалар тасодифан дунёга келмайди. Туғма истеъдоди туфайли буюк шахс, авлиёга айланиб қолмайди.
Бунга аввало кимнинг фарзанди эканлиги, қандай ижтимоий-маданий муҳитда, қандай иқтисодий-сиёсий шароитда умргузаронлик қилганлиги муҳим аҳамият касб этади.
Алишер Навоийнинг 4 ёшида саводи чиққани, 10—12 ёшларидан шеър ёза бошлаганлиги, Бобур бобомизнинг 12 ёшида давлатни бошқарувини қўлга олганлиги аввало уларнинг оналарига, уларнинг айтган аллаларига, оталари ва устозларидан олган таълим ва тарбияларига боғлиқ. Бу улуғ зотларнинг оналари - биринчи маънавий устозларининг даражаси ҳам Улуғбек Мирзонинг онаси малика Гавҳаршодбегим даражасидан кам бўлмаганлиги сир эмас.
Бироқ, Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигорхоним эканлигини билсакда Алишер Навоийнинг онаси “осмонни ерга туширган” деб эътироф этиладиган аёл -Қобул амирзодаларидан бўлган Шайх Абусаид Чангнинг қизидир. Алишер Навоийнинг тоғалари амир Мир Саид Кобилий ва Муҳаммад Али Ғарибийларнинг ўз даврининг таниқли ва етук шоирлари бўлганлиги оилада ижодий муҳит ҳукм сурганлиги, яъни шоирлик Навоийга қон билан кирганлигидан далолатдир.
Шу боис, ҳар икки бобомизнинг ижодида, ижтимоий-бадиий қарашлари ислом таълимоти билан йўғрилганлиги, ижодда ишлатган ҳар бир сўзи, ҳар бир имлоси замирида адолат, ҳалоллик, ғайрату шижоат; дилга озор бермаслик каби Қуръони Каримда улуғланган хислатлар ётганлиги табиийдир.
Навоийнинг асарларида ўз онаси ҳақидаги маълумотларнинг камлиги, шоирнинг онасига чексиз ҳурмати туфайли унинг исмини айтишни гуноҳ деб билганлиги, ўша замонда оила мавзуси ёпиқ мавзу бўлганлиги, жўмард эркакларда ўзига қарашли аёлларга нисбатан ҳамият, рашк, қизғониш туйғулари юқори бўлганлиги, қолаверса бобомизнинг ижодда ниҳоятда камтарона йўл тутгани ва кибру ғурурга берилмагани сабабли бўлса керак. Бежизга “Ҳақиқий шоирлар авлиёдирлар, ҳақиқий авлиёлар шоирдурлар” -деб айтилмаган.
Адиблар хиёбонида навойшунос олим Олимжон Давлатов билан суҳбат давомида Ҳазрат Навоий ўзига пир билган, бош вазирлиги ва сиёсий ва ижтимоий фаолиятида малаҳатгўйи бўлган Абдураҳмон Жомийнинг онасини исми номаълумлиги тўғрисидаги маълумотларни олдим.
Навоийнинг онасини исмини билмаганлигимизни эса аждодларимизни ва халқимизнинг “бир кам дунё” қабилидаги камчилигидек ҳис қилдим. Юқорида номлари зикр этилган ҳар икки бобомизнинг инсоният учун қадрли шахс, буюк мутафаккир, давлат арбобига айланиши соҳибқирон Амир Темур асос солган улкан темурийлар салтанати билан бевосита боғлиқдир.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Амир Темур бобомизнинг авлоди бўлса, Алишер Навоий эса Амир Темур, унинг салтанатига садоқат билан хизмат қилган, оиласига яқин, темурий Умаршайх Мирзо билан кўкалдошлик насиб этган мукаррам боболар ва аждоди олий амирлар қаторидан жой олган сулоланинг фарзанду аржуманди эди.
Қолаверса тарихдан биламизки, уларнинг ҳаёти фақат салтанат доирасида қолиб, силлиқ кечмаган. Тахт учун курашлар, давлат бошига келган ҳукмронларнинг сиёсий-ижтимоий қарашлари туфайли турли хил машаққатларни бошдан кечирганлар.
Алишер Навоий оиласининг Ироқнинг Таф ва Машҳад шаҳарларига кўчиши, 13 ёшида отадан мосуво бўлиши, тахтга келган Абу Саид таъқиби туфайли Ҳиротдан чиқариб юборилиши, Бобурнинг эса ҳаммамизга маълум ёшликдаги аянчли қисмати, Афғонистон-Ҳиндистон сари мажбурий сафарлари давомида чеккан заҳматлари бунга ёрқин мисолдир.
Пок ният, тоза қалб, заҳматли меҳнатлар, изланиш, Аллоҳ берган ноёб истеъдод, бут иймон, яхши зотларнинг назари, пирларнинг дуоси ва маънавий кўмаги сабаб ҳам ижодда, ҳам давлат ишларида юксак мартабага сазовор бўлдилар.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Алишер Навоий она заминимиз Самарқандда 1465 йилдан 1469 йилнинг баҳоригача Фазлуллоҳ Абу Лайс мадрасасида ўқиб, илм олган. Ҳозирда мазкур ҳудудда масжид фаолият кўрсатаётган бўлсада, мадраса сақланиб қолмаган. Мазкур жойни ҳам муқаддас санаб, Алишер Навоийдек буюк зотга зиё улашган қадамжо ва илм маскани сифатида эъзозланиши лозим. Самарқанд шаҳри ҳокими ҳиротлик Аҳмад Ҳожибекнинг ёрдамида илк марта давлат ишлари билан ҳам шуғулланишни бошлаганлиги эътирофга молик. Алишер Навоийнинг Самарқанддаги сиёсий ва давлат фаолияти юқори баҳоланиб, унга “Чиғатой амири” унвони берилган.
Ҳазрат Алишер Навоий айнан шу заминда ўзи “Қутби тариқат” деб эътироф этган Хожа Аҳрор Валийни ўзига пир, ҳаммаслак билган. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳам ўз навбатида Навоий қаламининг мухлиси сифатида шоир ижодига юксак баҳо берган. Ўзаро хат ёзишиб туришган, бизгача Хожа Аҳрорнинг Навоийга ёзган 128 та хатлари етиб келган. Ёзишмалардан икки улуғ зот ўртасидаги пиру муридлик ва устоз-шогирдлик, дўст-биродарлик муносабатларини англаш мумкин.
Араз ва урушларга қасд қилган султонларни яраштириб, қон тўкилишларнинг олдини олиш, халқ тинчлиги, осойишталиги, хайр саховат бобида ҳам Ҳазрат Навоий ҳам худди Хожа Аҳрордан ўрнак олган. Мовароуннаҳрда амалга оширган хайрли ишларни Хуросонда давом эттирган.
Амир Ҳусайин Бойқаронинг 38 йиллик салтанати давомида Навоий ва Бойқаро яқин дўст ва ҳомий сифатида бир-бирини тўлдириб турган. Ўзаро ижодда ва давлат бошқарувида муҳим ўрин эгаллаган. Давлатчилик иш юритиш услубида ижодкорлик устуворлигини таъминлаган.
Алишер Навоий оддий халқ манфаатига хизмат қилиш учун ўз маблағлари ҳисобидан 40 та работ, 16 кўприк, 17 та масжид, 10 та хонақоҳ, 9 та ҳаммом, халқнинг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш учун 20 тага яқин махсус ҳовузлар қаздирган, ва 2 сув тошқинларидан ҳимоя қиладиган тўғонлар бунёд этган.
Шу ўринда божхона хизмати идоралари раҳбарлари ва шахсий таркиби ҳам давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати, кўрсатаётган йўл-йўриқлари ҳамда топшириқларига содиқ қолган ҳолда Ҳазрат Мир Алишер Навоий бобомизнинг издошлари, унинг давомчилари, қолаверса давлат хизматчиси сифатида халққа чиндан хизмат қилишини ўзларининг муқаддас бурчлари деб билмоқдалар.
“Халқимиз давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” тамойили асосида божхона хизмати идораларининг шахсий таркиби аҳоли муаммоларига бефарқ эмаслар. Бугунги кунда божхона хизмати органлари нафақат ўзларига юклатилган вазифалар билан банд бўлиб қолмасдан, ўзларининг инсонийлик хислатларини намоён этиб, қатор меҳр-саховат ва ижтимоий тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқдалар.
Ўз маблағлари ва белгиланган истиқбол режадан ортиқ ундирилган божхона тўловлари ҳисобидан табиий офатлар ва қийин иқлим шароитидан азиятдан чеккан аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш, таълим олиш шароитларини яхшилашга ҳисса қўшдилар.
Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани Қўрғонча қишлоғида 160 ўринли замонавий 1 та мактабгача таълим ташкилоти қуриб фойдаланишга топширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманининг ночор 3 та фуқаролар йиғинларининг тоза ичимлик суви билан таъминланмаган 2500 нафардан ортиқ аҳолиси ҳамда “Султон Увайс Қараний” зиёратгоҳига келадиган зиёратчилар учун 10 та сув тозалаш ускуналари, ўрнатилди. Шу туманда 1 та 120 ўринли мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилди.
Шунингдек, республикамизнинг қатор туманларида 2 та мактабгача таълим ташкилоти, 2 та мактаб, 1 та спорт мажмуаси ва сув таъминоти тизимларини барпо этилишига ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Коронавирус пандемияси, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик”, “Саховат ва кўмак” жамоат фондларига маблағлар ўтказилди. Жабр кўрган аҳолига тиббий воситалар, дори-дармонлар, озиқ-овқат ва зарур эҳтиёж моллари божхона идоралари томонидан етказиб берилди.
Бу хайрли ишларга Ҳазрат Навоий бобомизнинг “Барча юкни тортдим, бурчдан оғирроқ юк кўрмадим” деган ибратли фикрларини ўзимизга маънавий озуқа, маънавий кўмак бўлганлигини алоҳида айтиб ўтишимиз жоиз. Зотан, инсон зиммасидаги энг оғир юк бурч маъсулиятидир, уни унутишга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Боболаримиз зулм ва зўравонлик дин, миллат, ирқ, каби ҳодисаларни тан олмайди. Бунга Навоий бобомизнинг диний бағрикенгликка – мурувват ва хотиржамликнинг асоси сифатида қараганлиги, унинг комил инсон ғояси, Бобурнинг ҳинд роҳибларига муносабати, яққол мисолдир.
Зулмга қарши сўз билан курашиш ҳам том маънода боболаримизни етук даҳоларга айлантиради. Чунончи, салтанатни адолат билан бошқариш, халққа муҳаббат кўзи билан қараш, доим уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш улар сиёсати ва ижодининг бош ғояси саналган.
Бугунги кунда ҳаётимизнинг асосий долзарб йўналишига айланган маънавият-маърифат масаласи ҳам Навоий ижодида бош маслак саналган. Навоий “Инсонларнинг кўпчилигида инсонлик қиёфаси бўлгани билан, инсонийлик маъноси йўқдир... Бундайлар суврат бўлган билан улар маънидан маҳрумдирлар”-деган мазмунли битиклар қолдирган. Инсонларни ёвузлик, фитна, туҳмат, иғво ва бошқа нуқсонлардан сақлашга уринган.
Ўзбек тили ва адабиёти майдонида Навоийнинг биринчи бўлиб байроқ кўтаргани, салтант иш юритиш услубида икки тилликни тугатиб, бир тилликка ўтказганлиги сабаб она тилимизни давлат тили мақомига кўтарганлиги ҳар қанча таҳсину эътирофларга лойиқ. Чунки, буюк шоир замондошларининг форсий тил шеърият учун, ўзбек тили деҳқон ва ҳарбийлар учун яралган деган фикри устидан тўлиқ ғалаба қилишга эришган.
Шоир ўзбек адабиётини жаҳоннинг юксак поғоналарига кўтарган ўзбек тилида битилган “Хамса” асарини тугаллаб, Ҳусайн Бойқарога тақдим этгач, шоҳ шоир дўстини отга миндириб, отни етаклаган нодир воқеаси темурий ҳукмдорнинг шоирни ва миллий адабиёт қадрини нақадар юксак баҳолаганлигидан далолатдир.
Айниқса, сўзнинг юрт ва мулкни обод этадиган ёки вайрон қиладиган, улуғ ишларни бунёд этадиган, хунук воқеаларнинг пайдо бўлишига сабаб бўладиган, кишиларни ўлдириш ва қайта тирилтириш қувватига эга илоҳий куч сифатида қараган. Сўзга муносабатда камтар, эҳтиёткор ва андишали бўлишни талаб қилган.
Шу боис, атоқли шоиримиз Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов “Ўзбекистон” шеърида Низомиддин Мир Алишер ижоди ва фаолиятига юксак баҳо бериб, уни дунёнинг ярмини забт этган фотиҳ, марказлашган давлат барпо этган Соҳибқирон Амир Темурга қиёслаб,
Беш асрким, назмий саройни
Титратади занжирбанд бир шеър.
Темур тиғи этмаган жойни
Қалам билан олди Алишер.
-дея таъкидлаган
Навоийнинг шарқ ренессанси усулида портрет яратиш услубидаги “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” асарида: “Мансабпарастлик мастлик кабидир. Аммо у шароб мастлигидан фарқ қилади. Май ичиб маст бўлган киши қилган иши ва сўзини назорат қила олмайди. Оқибатда одамлар кўнглига озор етказиши, нотўғри ҳатти-ҳаракатлар қилиб қўйиши мумкин. Киши сархуш бўлгандан кейин ўз ишидан пушаймон қилади. Аммо бундай сархушлик бир кун ёки бир муддат давом этади. Мансаб мастлиги, иккиюзламачилик эса, токи инсон мансабдор экан давом этади. Инсон мансабда бўлгач, ўзини идора қилса, яхши, аммо оёғи ердан узилиб, нафсга берилса, кўп хатоликларга йўл қўяди.” деган битиклари ҳозирда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Очиқ чеҳрали инсон иккиюзламачиликдек нуқсондан йироқ бўлади.
Алишер Навоий
Айнан шу маънолар маҳзани давлат хизматчиси, мансабдор шахс сифатида биз божхоначиларни ҳам доимо сергакликка, ҳушёрликка чорлаб туриши шарт.
Бу улуғ зот ишқ-муҳаббат, садоқат ва вафо, тўғрилик ва ростгўйликнинг олижаноб фазилат эканини комил инсон қалбининг ажралмас бўлаги сифатида тасвирлаган. Навоий амалдор бўлганда ҳам тўғрисўзлик, ҳалоллик ва садоқат устуворлигини таъминлаган. Ҳамиша давлат ва халқ манфаатини биринчи ўринга қўйган. Шогирди Ғиёсиддин Хондамир таъбири билан айтганда Навоий ўзини “туфроқ билан тенг” тутган. Юксак лавозимда бўлсада муҳр босиш маросимида қоғознинг ҳеч ким муҳр босолмайдиган қўйи қисмига муҳр босиши, унинг камтарлигидан далолатдир.
У табиатан меҳр ва мурувватда, карам ва саховатда, камтарликда тенги йўқ инсон бўлган. Кийимига илашган чумолини уясига олиб бориб қўйганлиги, чодирига қўйган мусича инини палопонлари учгунга қадар бузмаганлиги ҳаммамизга ибрат бўлиши ҳам фарз, ҳам қарз.
Мухтасар айтганда, элу юрт манфаатини биринчи ўринга қўйгани бу валий зотларнинг тарихдаги ўрни беқиёс.
Бугунги барчамиз давлат хизматчилари сифатида ниятни улуғ қилишни, қалбни пок тутишни, мардлик, садоқат, вафони, ғайрат-шижоатни, ҳалолликни, дилга озор бермасликни Ҳазрат Мир Алишер Навоий бобомиздан ўрганишимиз, унинг битган бой ва бебаҳо меросидан қидиришимиз зарур. Бобомизнинг:
Тухм ерга кириб, чечак бўлди,
Қурт жондин кечиб, ипак бўлди.
Лола тухмича ғайратинг йўқми,
Ипак қуртича ҳимматинг йўқми?
-деган сатрлари барчамизни нафдор, жонкуяр, жувонмард, ғайратли бўлишга ундайди.
Ҳазрат Навоийнинг бой мероси, бебаҳо асарлари айниқса охирги асари “Маҳбуб ул-қулуб” асари давлат хизматчилари, жамоатчилик ташкилотлари, олиму уламолар, хизмат кўрсатувчи тоифа, раҳбарлар учун қомус сифатида ўрганилиши керак. Бой меросни барча олий таълим муассасаларида дарслик сифатида чуқур ўрганишимиз зарур.
Биргина “Насойим ул-муҳаббат”асарида келтирган авлиёлар орқали кимларнинг авлоди, кимлар билан диндош, кимлар билан ҳамзамин эканлигимизни ўрганишимиз мумкин.
Маълумот ўрнида: Алишер Навоий ўзидан бой шеърий, насрий ва илмий мерос қолдирган. “Лисон ут-тайр” достонида таъкидлашича шоирнинг битиклари ҳажми 100 минг байтдан иборат. Бу бой мерос билан Алишер Навоий ўзбек адабиётини жаҳон юксаклигига кўтарди ва ўзбек адабий тилига асос солди. Алишер Навоийнинг асарлари Ўрта Осиё давлатларининг мактаб дастурларига киритилган. Ўзбекистондаги аксарият кутубхоналарга Алишер Навоий номи берилган. Шоирнинг ҳайкаллари Антарктидадан ташқари барча қитъаларда мавжуд ва 79 та давлатда ўрнатилган. Шоирнинг асарлари дунёнинг 219 та тилига таржима қилинган. Алишер Навоийнинг қўлёзмалари дунёнинг энг йирик кутубхоналарида (Россия, Буюк Британия, Туркия, Эрон, АҚШ, Япония, Корея Республикаси, Хитой ва бошқа) сақланмоқда. “Навоийшунослик” деб аталган фан мавжуд.
Зеро, Алишер Навоийнинг бетакрор ижоди онги шууримизни завққа, руҳимизни нурга, тафаккуримизни зиёга тўлдириши шубҳасиздир. Айниқса, бугунги ахборот асрида боболаримизнинг бой мероси илоҳий ҳайрат ва маънавий эҳтиёжга айланмоқда.
Хулоса қилиб шуни таъкидлаш жоизки, Низомиддин Мир Алишер Навоий нафақат халқимизнинг, балки инсониятнинг фахр-ифтихоридир. Бу мард ва шижоатли, тарихда ўхшаши йўқ боболаримизнинг хотиралари ёдимизда мангу қолади. Барчамизни ватанга янада фидойилик билан хизмат қилишга, янада садоқатли бўлишга ундайди.
Бугун ҳар биримиз боболаримиз билан бир қаторда уларнинг ота-оналари, уларнинг тарбиясига ва вояга етишига ҳисса қўшган шахслар, давлат арбоблари, пиру устозлари, уларнинг бой меросларини сақлаб, ўрганиб, бизгача етиб келган, уларни ҳанузгача ўрганиб келаётган олимларимиз, замондошларимиз ҳақларига дуолар қилишимиз, уларни беқиёс хизматларини эслашимиз шарт. Ибрат намунаси сифатида уларнинг барчаларини қалбларимизга жо қилишимиз лозимдир.
Ҳабибулла Ғаниевич Азизов
Давлат божхона қўмитаси раиси маслаҳатчиси,
божхона хизмати полковниги
6.02.2021