Тадбирни очар экан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Т.Саидов республикамизда коррупцияга қарши кечаётган муросасиз кураш халқимизнинг давлат идораларига ишончини ошириши билан бир қаторда жамиятимизда адолат тамойилининг мустаҳкам ўрин эгаллашига хизмат қилаётганини эътироф этди.
Дарҳақиқат, Муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Контитуцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган маросимда таъкидлаганларидек, “Жамият ривожига ғов бўлаётган яна бир иллат – бу коррупция балосидир.”
Айни пайтда Юртбошимиз бошчилигида давлат ва жамиёт ҳаётида халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифага айланиб бормоқда.
Хусусан, 2017 йил 3 январ куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши бу борадаги муҳим амалий қадам бўлди.
Қонун ижросини таъминлаш мақсадида “Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2017-2018 йилларга мўлжалланган Давлат дастури” ҳаётга татбиқ қилиш борасида республика идоралараро комиссияси изчил фаолият юритмоқда.
Айни пайтда жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.
Маълумки, коррупция жамият равнақи, мамлакат тараққиётига жиддий раҳна соладиган жиноятлардан биридир. Шу сабабли ҳам республикамизда мазкур жиноятнинг олдини олиш, унга қарши самарали курашишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Тадбирда иштирокчиларга Ўзбекистон Республикасининг божхона тизими ҳозирги кунда мамлакатимизнинг ички бозорини ҳимоя қилувчи, давлат хазинасини тўлдирувчи ҳамда бошқа бир қатор муҳим давлат аҳамиятига молик вазифаларни бажарувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органи айниқса, Сурхондарё божхонаси ўзининг узоқ тарихи билан божхона тизимида ўз ўрнига эга эканлиги тўғрисида такидлаб ўтилди.
Шунингдек, бугунги кунда божхона органи ходимларининг Ватан олдидаги бурчини садоқат билан бажаришлари учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги қайд этилди.
Дунёдаги энг улуғ неъматлардан бири бу оилавий тинчлик-хотиржамлик, фарзандларнинг келажаги ҳақида қайғуришдир. Божхона тизимида хизмат қилаётган фарзандлари ёки яқинларининг хатти-ҳаракатларига бефарқ бўлмасликларини, уларда салбий ўзгаришлар, яъни хавоилик, манманлик ва бошқаларни менсимаслик каби иллатлар пайдо бўлганда бундай ҳолатларни ўз вақтида олдини олиб, тўғри йўлга солишга ҳаракат қилишлари лозимлигини, уларни тизимда узоқ йиллар тўғри ишлаб, обрў-эътибор билан нафақага чиқишларига ўзларининг ҳиссасини қўшишлари лозимлигини тушунтириб ўтилди.
Тадбирда таклиф этилган Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Сурхондарё вилояти вакиллиги, Термиз давлат Университети Фуқаролик жамияти кафедраси мудири ва Термиз шаҳар Ёшлар иттифоқи маъсул ходимлари сўзга чиқиб, йиғилганларга диний ва дунёвий жиҳатдан коррупция ва мансабдорлик жиноятларининг салбий жиҳатлари ҳақида тушунтиришлар беришди.
Семинарда Давлат божхона қўмитаси томонидан тайёрланган “Коррупция – ҳалокатга йўл” номли қисқа метражли фильм намойиш этилди.
Шу билан бирга тадбирда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 30-моддасига асосан йиғилиш қатнашчилари ўртасида социологик сўровлар ўтказилди.
Тадбир якунида божхона ходимларининг ота-оналари ўзларининг фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.
Шунингдек, тадбирда божхона органи билан боғлиқ ҳар қандай масала юзасидан Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг 225-02-25,
225-26-05 рақамли “Ишонч телефони”га куннинг исталган вақтида мурожаат этиш мумкинлиги айтиб ўтилди.
Сурхондарё вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
25.09.2018