Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона соҳасига замонавий рақамли технологияларни тадбиқ этишнинг самарадорлиги
1588
Жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви ва технологик ривожланиш шароитида Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишини рақамли иқтисодиётнинг жадал ўсишисиз тасаввур қилиш қийин.
Божхона соҳасига замонавий рақамли технологияларни тадбиқ этишнинг самарадорлиги

Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини янада либераллаштириш ва кенгайтириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, миллий маҳсулотларимизни экспорт салоҳиятини ошириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш ва тадбиркорларга қулай шарт-шароит яратиш борасида муҳим ислоҳотлар ўтказилмоқда.

Ушбу ислоҳотлар замирида рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини божхона соҳасига жорий этиш орқали божхона органлари фаолияти шаффофлиги ҳамда самарадорлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Товар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиш учун максимал қулай шароитлар яратиш, божхона операцияларини амалга ошириш вақтини қисқартириш, амалга оширилаётган операцияларни автоматлаштириш ва илғор технологияларни, шунингдек, халқаро меъёр ва стандартлар, хорижий давлатларнинг энг яхши тажрибаларига мувофиқ ишлашнинг янги усулларини жорий этиш божхона органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ўтган бир неча йил давомида замонавий рақамли технологиялар ва ахборот тизимларини божхона органлари фаолиятига кенг жорий этиш орқали рақамли иқтисодиётнинг ажралмас бўлаги сифатида «Рақамли божхона» тамойилини жорий қилиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони билан божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, «Қоғозсиз ва электрон божхона»нинг мантиқий давоми ва ривожланиши бўлган «Рақамли божхонани» шакллантириш, божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш мақсадида “2020–2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш Концепцияси” тасдиқланди.

Ушбу Концепция доирасида божхона органларининг фискал функцияларини амалга оширишни такомиллаштириш, ТИФни тариф ва нотариф жиҳатдан тартибга солишни соддалаштириш юзасидан жисмоний шахсларнинг олиб кириш нормасидан ортиқча товарлари тўғрисидаги дастлабки маълумотлар асосида божхона тўловларини ҳисоблаш (шу жумладан тўлаш) бўйича интерактив хизмат турини жорий этиш ва божхона тўловларини тўлаш механизмларини такомиллаштириш, шу жумладан, пул маблағларини тўлашнинг замонавий электрон технологияларини ривожлантириш каби тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Божхона технологияларини автоматлаштиришнинг мақсади ҳар қандай аниқ қарорни қабул қилишда “инсон омили”нинг салбий таъсирини камайтириш ҳисобланади. Бунда  божхона фаолиятини  ягона  оператив бошқарув тизимига интеграциялашган “сунъий интеллект” элементлари  бўлган  ахборот  технологиялари воситалари қўлланилади.

Ушбу технологиялар ёрдамида ахборот тизимларини такомиллаштириш ва божхона юк декларациясини автоматик тарзда божхона органлари ходимлари иштирокисиз расмийлаштиришни жорий этиш ТИФ иштирокчиларининг харажатлари ва вақтининг тежалишига, божхона органлари фаолиятининг шаффофлигини оширишга хизмат қилади.

Ҳозирги вақтда товарларнинг “авторасмийлаштирув” жараёни хавф даражаси паст бўлган экспортга йўналтирилган товарларга нисбатан татбиқ қилинмоқда. Кейинги йилларда эса божхона юк декларацияларини автоматик равишда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тизимини босқичма-босқич амалиётга киритишни назарда тутувчи автоматлаштирилган ахборот тизимлари ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Шохзод Фахраддинов

Божхона институти

4-курс курсанти

 

5.02.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг