Товарларнинг кодини ўзгартириб, божхона тўловларидан қочиш, пировардида, яширин иқтисодиётга қўл уришга бўлган уринишлар божхона ходимлари томонидан ўз вақтида фош этилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ҳамда “Тўрткўл” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан республикамизда фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига олиб келинган “саноат кондиционери” товарининг ҳужжатлари текширилганида, тақдим этилган кодлар шубҳа уйғотиб, бошқарманинг Ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси гуруҳи томонидан экспертиза тайинланди.
Экспертиза хулосасига кўра, мазкур товарлар тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилганидек кодга эга эмаслиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигидан 2013 йил 20 мартда 2436-сон билан рўйхатдан ўтган “Ўзбекистон Республикасига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатини тасдиқлаш ҳақида”ги қарор иловасида келтирилган товарлар рўйхатига киритилмаганлиги аниқланди.
Натижада 42 миллион сўм божхона тўловлари ҳисобланди.
4.02.2021