2021 йилнинг 1 февраль куни Давлат божхона қўмитасига Покистон Ислом Республикаси Даромадлар марказий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Саид Муҳаммад Тариқ Худа жаноблари бошчилигидаги делегация вакиллари ташриф буюрди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад шиддат билан ривожланиб бораётган информацион ва рақамли иқтисодиёт даврида икки мамлакат ўртасида божхона соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборатдир.
Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги божхона йўналишидаги фаолият 3 та халқаро Битимлар асосида амалга оширилмоқда.
2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Жаҳон божхона ташкилотининг “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича” Киото Конвенциясига ва “Вақтинча олиб кириш бўйича” (Истанбул, 1990 йил 26 июнь) Конвенциясига қўшилди.
Ҳозирда эса, Жаҳон савдо ташкилотининг “Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича” Битимига қўшилишга тайёргарлик ишлари шиддат билан олиб борилмоқда.
Маълумки, Покистон Ислом Республикаси контрабанда ва терроризмга қарши курашиш йўналишларида жуда юқори салоҳиятга эга.
Хусусан учрашувда, икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқни янада ривожлантириш, божхона тартиботларини соддалаштириш ва қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида, қуйидагиларни амалга ошириш таклифи киритилди:
- экспорт-импорт операциялари бўйича олдиндан электрон ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали божхона расмийлаштирувини тезлаштириш;
- асосий экспорт-импорт товарлар учун соддалаштирилган божхона йўлакларини ташкил этиш;
- кадрлар салоҳиятини ошириш ва ўзаро ҳалқаро тажриба алмашиш механизмини яратиш.
Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Азимов ва Саид Муҳаммад Тариқ Худа жаноблари ўртасида бўлиб ўтган мазкур учрашув Ўзбекистон ва Покистон божхонаси учун ниҳоятда муҳим аҳамият касб этиб, икки давлат божхона тизимлари ўртасидаги ҳамкорлигининг бутунлай янги босқичига қадам қўйилишига туртки бўлади.
Учрашувдан сўнг меҳмонлар Давлат божхона қўмитасининг божхона тарихи музейи фаолияти билан яқиндан танишишди ва Саид Муҳаммад Тариқ Худа жаноблари “Фахрий меҳмонлар” китобига ўз дастхатини қолдирди.
1.02.2021