Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ёш божхоначилар депутат билан учрашди
2076
Самарқанд вилояти божхона бошқармасида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганига бир йил тўлиши муносабати билан “Депутат ва ёшлар” лойиҳаси доирасида “Ёшлар ва қонун” тарғибот тадбири ўтказилди.
Ёш божхоначилар депутат билан учрашди

Унда Халқ депутатлари вилоят кенгаши Кенгаши депутати Т.Эшмонов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши бўлим мудири-ҳуқуқшунос Ю.Исомиддинов, бошқарма бошланғич ташкилоти етакчилари ва аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Ахлимирзаев очиб бериб, тадбирда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга оширилиши замирида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ташаббускор ва шижоатли ёш авлодни вояга етказиш каби эзгу мақсадлар мужассамлиги тўғрисида алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек учрашувда минбарга чиққан Халқ депутатлари вилоят кенгаши Кенгаши депутати Т.Эшмонов эътироф этганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. У Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва кўплаб қонунларда ўз ифодасини топган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 14 сентябрда имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди. Ушбу ҳужжат ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Ҳозирда Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг бошланғич ташкилотида 65 нафар 30 ёшгача бўлган ёш ходимлар аъзо сифатида рўйхатдан ўтган. Ташкилот етакчиси ва 4 та йўналиш бўйича сардорлар сайланган. Бошқармада ташкилот фаолият олиб бориши учун алоҳида хона ажратилган. Жорий йил бошидан буён бошланғич ташкилот томонидан 18 маротаба маънавий-маърифий тадбирлар, 7 маротаба спорт мусобақалари, 14 маротаба талаба-ёшлар билан профилактик тадбирлар ўтказилганлиги тўғрисида ҳам ахборот берилди.

– “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилингани давлатимизнинг ёшларга юксак эътибори намунаси деб биламиз, дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Самарқанд вилояти кенгаши бўлим мудири-ҳуқуқшунос Ю.Исомиддинов. – Ушбу ҳужжатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ, ишончли асосда мустаҳкамланган. Тадбирда мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Ёшларнинг ҳуқуқлари ва имкониятлари янада кенгайгани, давлат томонидан ҳимоя қилиниши очиқ мулоқот, савол-жавоб тариқасида батафсил тушунтирилди.

Ёш божхоначилар билан кечган қизғин мулоқотда кўплаб савол-жавоблар бўлиб ўтди. Қизиқувчан божхоначилар томонидан берилган саволларга депутат ва мутахассислар тўлақонли жавоб қайтардилар. Қонуннинг ёшлар ҳаётидаги тутган ўрни тушунтирилди.

Самарқанд вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

25.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг