Шунингдек, божхона органлари ходимлари коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасида фаол қатнашиши, ходим ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини уларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдиришга уринган шахслар ҳақида хабардор қилиши шарт.
Тошкент вилоят божхона бошқармаси «Ғишткўприк» чегара божхона постининг божхона кўриги ва расмийлаштируви гуруҳи инспектори Ш.М. ҳам ўзи дуч келган вазиятда мазкур одоб-аҳлоқ қоидалари доирасида иш тутди.
Хизмат вазифасини бажариш жараёнида божхона ходими қўшни давлатдан кириб келаётган фуқаро Ш.Қ. ва унга тегишли юкларни белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказаётганида, ушбу шахснинг божхона қоидаларига риоя қилмаётганлигини аниқлайди.
Содда қилиб айтганда, амалдаги тартибларга биноан ҳар ойда фақат 1 маротаба олиб кириш назарда тутилган бўлса-да, фуқаро Ш.Қ. ўзи билан 7 дона чангюткичларни олиб киришга уринаётган эди.
Шу мақсад йўлида у божхона ходимини ўзи томон оғдиришга уринади. Яъни, мазкур товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказмасдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб ўтиш эвазига пора таклиф қилади.
Аммо, унинг бу режаси наф бермади. Божхона ходими бу вазиятда виждон амрига қулоқ тутиб, ўз раҳбарларини воқеадан хабардор этади. Тезкор тадбир давомида фуқаро Ш.Қ. хизмат вазифасини бажараётган божхона ходими Ш.М.га «Ғишткўприк» чегара божхона пости ҳудудида 100 АҚШ доллари бераётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди ва ҳозирда тергов ҳаракатларини ташкиллаштириш учун прокуратурага юборилди.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
24.09.2018