Бугунги кунда божхона органлари тизимида юксак маҳоратга эга, маънан етук ватанпарвар ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйишнинг принципиал жиҳатдан янги тизими амалга оширилиб келинмоқда. Шу билан бирга, тизимда ходимларнинг хизматга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш, уларнинг онгида ҳар қандай қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида қатор профилактик ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур масъулиятли вазифаларни бажариш жараёнида ходимларнинг оила аъзолари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишнинг бирламчи омилларидан бири бўлганлиги боис ходимлар ўртасида соғлом ишчанлик муҳитини шакллантириш, улар томонидан коррупция жиноятлари ва бошқа салбий ҳолатларни содир этилишини олдини олиш, ўз ватанига садоқатли ҳамда фидойи, давлат ва жамият манфаатларига содиқ, божхона органлари обрўси, унинг равнақи учун жонкуяр бўлган ходимларни тарбиялаш мақсадида, Хоразм вилояти божхона бошқармасининг Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлими, Кадрлар бўлими, Хотин-қизлар масалалари бўйича ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи бошқармаcининг бошланғич ташкилоти ходимлари ҳамда барча бўлим ва божхона постлари бошлиқлари иштирокида бошқарманинг 104 нафар ходимларнинг оила аъзолари билан яшаш хонадонларида учрашувлар ўтказилди.
Ходимларнинг ота-онаси ва оила аъзолари билан учрашувларда асосий мақсад сифатида қуйидаги тадбирлар белгиланди:
-шахсий таркиб томонидан коррупция жиноятлари ва бошқа салбий ҳолатларни содир этилишини олдини олишда уларнинг оила аъзоларини ҳамкорликка жалб қилиш, ходимнинг хизмат жойи билан оиласи ўртасидаги ҳамкорлик орқали маълумот алмашинув тизимини йўлга қўйиш;
-ходимнинг оиласидаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ўрганиш;
-ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ходимларнинг ишсиз оила аъзоларини тадбиркорлик соҳасига жалб этиш мақсадида тавсиялар бериш;
-ходимнинг фарзанд тарбиясига эътиборини ўрганиш, фарзандларни маънавий-маърифий тарбиясини юксалтиришга қаратилган тадбирларни ўрганиш.
Ўрганишдан кутилаётган натижалар:
-ходимнинг оиласидаги моддий аҳволини ўрганиш давомида уни уй-жойга ва бошқа моддий томондан ёрдамга муҳтожлиги аниқланиб, ипотека кредити ва имтиёз асосида бериладиган уй-жойларга муҳтож оилалар рўйхатини шакллантиришда шаффофлик таъминланади.
-ходим томонидан ўзининг моддий аҳволидан келиб чиқиб, содир қилиниши мумкин бўлган тамагирлик, хизмат мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва бошқа салбий ҳолатларни олдини олишга ёрдам беради;
-ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ходимларнинг фарзандлари ота-онасининг касбидан ғурурланиши ва жамиятда божхона органлари ходимларининг обрўсини оширишга кўмаклашади.
Ўтказилган учрашувларда бошқарманинг 20 нафар ходими ҳамда уларнинг ота-онаси ва оила аъзолари ипотека кредити асосида уй-жой олишга мухтожлиги маълум бўлди.Ушбу ходимларга ҳамда уларнинг ота-онаси ва оила аъзоларига Давлат божхона қўмитаси Раҳбарияти томонидан Ўзбекистон Республикаси АТ “Алоқабанк” орқали узоқ муддатли ипотека кредити маблағига уй-жой олиш бўйича яратиб берилган қулайликлар бўйича тушунтиришлар берилди.
Бир нафар ходимнинг турмуш ўртоғи тикувчилик билан шуғулланишлигини билдириб, унга туман ҳокимлиги орқали тикувчилик цехни очиш учун ер майдони ажратилишида амалий ёрдам беришни сўради. Мазкур масала юзасидан Хоразм вилояти Янгиариқ туман ҳокимиятига бошқарма раҳбарияти томонидан мурожаат қилиниб, ер майдони ажратилишида амалий ёрдам бериш чоралари кўрилмоқда.
Шу билан бирга, учрашувлар давомида бошқарманинг 37 нафар ёш ходимларининг турмуш шароитини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг ота-онаси ва оила аъзолари билан учрашувлар ўтказилди.
Буларнинг барчаси ўз навбатида, давлат ва жамиятда вужудга келиши мумкин бўлган ҳар қандай коррупция аломатларининг олдини олиш, мазкур йўналишдаги ҳуқуқбузарлик профилактикаси билан боғлиқ. Ушбу вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида божхона органлари ходимлари учун қатъий белгилаб қўйилган одоб-ахлоқ қоидаларига ҳам амал қилиш доимий муҳим ва зарурий меъёр ҳисобланиши лозим.
29.01.2021