Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Навоий – миллатимиз фахри
1280
Жорий йилнинг 9 февралида буюк мутафаккир шоир, ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий таваллуд топган куннинг 580 йиллигини мамлакатимизда қизғин нишонлаймиз. Муҳим сана муносабати билан а 2020 йил 19 октябрда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қарори эълон қилинган эди. Мазкур Қарорда юбилей арафасида мамлакатимиз бўйлаб кўплаб тадбирлар ўтказилиши қайд этилган.

Дунёдаги ҳар қандай улкан хазина ҳам бир кунмас-бир кун тугаши шубҳасиз. Лекин улуғ даҳо Навоийдан биз – ворисларга қолган адабий мерос бебаҳо, туганмас хазина. Ундан кўп йиллар давомида қанчалик манфаатдор бўлсак ҳам ҳеч қачон камайиб қолмайди. Китобларини мутолаа қилган чоғимизда ҳикматларга бой мисралар таъсиридан  қалбларимизга нур кириб бораётганини, илм чўққиларига кўтарилаётганимизни, дунёқарашимиз шаклланаётганини, сўз бойлигимиз ошаётганини ҳис қиламиз. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс жозибаси борлигини намоён эта олган. Атоқли ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг ушбу сатрлари бежиз ёзилмаган: “Темур туғи етмаган жойни Қалам билан олди  Алишер.”

Ўзбекистонда Навоийнинг хотирасини абадийлаштириш учун кўплаб ишлар олиб борилган. Юртимиздаги бир вилоят ва ўша вилоят маркази бўлган шаҳар Навоий номи билан аталади. Пойтахтимиздаги марказий кутубхона ва метронинг бир станцияси шоир номига қўйилган. Нафақат Тошкентдаги Миллий боғда, балки барча вилоятлар марказида ва ҳатто чет эллардаги пойтахт шаҳарларда ҳам унинг ҳайкали қад ростлаб турибди. Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилгани, олийгоҳларда Навоий номли стипендия ташкил этилгани, шоир қаҳрамонларининг номлари билан  вилоятимиздаги ГЭСлардан бири “Фарҳод”,  шаҳарлардан бири “Ширин” деб аталиши миллатимиз фахри бўлган буюк алломага бўлган ҳурматнинг белгисидир.

 Мактабларда ва бошқа ўқув юртларида Алишер Навоий ҳаёти ва фаолияти, ўлмас ижодидан намуналар алоҳида эътибор ва қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Ҳар биримиз, қайси касб соҳиби бўлмайлик, улуғ шоирнинг дурдона асарларидан баҳраманд бўлиб, тафаккуримизни бойитиб боришимиз ва интеллектуал салоҳиятимизни, маънавиятимизни юксалтириб боришимиз, жорий йилда шоир таваллуд топган куннинг 580 йиллиги тантаналарида барчамиз фаол иштирок этишимиз зарур.     

 

 

 

                                                            

29.01.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг