Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона тўловидан қочишга уриниш қонунбузарга икки баробар қимматга тушди
1893
Мамлакатимизнинг барқарор тараққиётини таъминлаш мақсадида «Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади», деган тамойилдан келиб чиқиб, бугунги кунда юртимизда ишбилармонлик ва тадбиркорлик муҳитини тубдан яхшилаш учун янги имконият ва имтиёзлар яратилмоқда.

Бироқ ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланиш ўрнига, баъзи бир “тадбиркор”ларимиз божхона постларида хизмат қилаётган божхона органи ходимларининг хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилиш, уларнинг қонуний талабини бажармаслик, хизмат вазифасини бажариш чоғида божхона ходимларини ҳақорат қилиш ва фаол қаршилик кўрсатиш каби салбий ҳолатлар ҳам учраб турибди.

Хусусан, жорий йилнинг 10 май куни Самарқанд тумани “Ўзбеккент” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган омборлардан бирига фуқаро К.М. номига Бирлашган Араб Амирлигидан олиб келинган компьютер эҳтиёт қисмлари ва бошқа товар-моддий бойликлари божхона ходими, омбор мудири ҳамда холислар иштирокида кўздан кечирилади.

Кўздан кечириш давомида, фуқаро К.М божхона ходимидан тегишли божхона ҳужжатларни расмийлаштирмасдан туриб, давлат бюджетига 12 миллион 798 минг сўмлик божхона тўловлари ундирилиши лозим бўлган 7 турдаги товарларни омбордан олиб чиқиб кетишни сўрайди. Бироқ божхона ходими фуқаро К.М.нинг ушбу ноқонуний таклифини рад этади. Натижада К.М.нинг жазаваси қўзғайди. Ноқонуний таклифига рози бўлмаган, хизмат бурчини бажараётган ходимни ҳар хил ножўя сўзлар билан ҳақорат қила бошлайди. Шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлайди.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан тегишли ишлар амалга оширилиб, хизмат текшируви ўтказилди. Хизмат текшируви хулосаси ва тўпланган ҳужжатлар, фуқаронинг айбини исботловчи видео тасвирлар илова қилиниб, қонуний тўхтамга келиш учун вилоят прокуратурасига юборилди.

Тўпланган далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ўз тасдиғини топди. Натижада Самарқанд вилоят прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан М.К.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатди. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман судининг ҳукмига кўра фуқаро М.К. ушбу моддада назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 80 баравари, яъни 13 миллион 779 минг 200 сўм жарима жазоси тайинланди.

Зеро, мамлакатимизда қонун устувор бўлиб, ҳар биримизнинг ҳуқуқ ва манфаатларимиз мустаҳкамланган. Қонунчилигимизда ҳеч кимга инсон шаъни ва қадр-қимматини камситиш ваколати берилмаган.

Энди қонунбузар Бирлашган Араб Амирлигидан олиб келинган компьютер эҳтиёт қисмлари учун давлат бюджетига 12 миллион 798  минг сўм божхона тўловларини тўлашдан ташқари тилига эрк бериб, божхона ходимини ҳақорат қилганлиги учун 13 миллион 779 минг 200 сўм миқдорида жарима ҳам тўлайдиган бўлди.

Самарқанд вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

 

24.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг