Тадбирни Ахборот-кутубхона маркази директори Ш.Aхмедова очиб берди. Таъкидландики, “Ипак йўли” халқаро туризм университети хиёбонида жойлашган ушбу кутубхона 1911 йилда барпо этилган бўлиб, ҳозирда кутубхона фондида 643 мингдан зиёд китоблар сақланиб келинмоқда. Улардан 7000 таси нодир китоблар саналади.
Мазкур Ахборот-кутубхона маркази билан вилоят божхона бошқармаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, турли тадбирлар ўтказилиб келинади. Бугун ҳам соҳа ходимларининг касб байрами муносабати билан навбатдаги тадбир ташкил этилди.
Бугунги кунда божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, божхона расмийлаштирувида тадбиркорлик субъектларига яратилган шарт-шароитлар, соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёш кадрларни билим савиясини ошириш борасида қилинаётган ишлар тўғрисида вилоят божхона бошқармаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари гуруҳи катта инспектори Ғ.Саттаров тўхталиб ўтди.
Тадбирда “26 январь – Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни” муносабати билан тайёрланган мусиқий клип намойиш этилди.
Шундан сўнг Самарқанд давлат университетининг тарих ва юридик факультетлари талабалари – А.Ражабов, Н.Ибодуллаев, Ш.Бердиқуловлар божхона органларига ишга кириш тартиби, божхона чегараси орқали товарларни олиб кириш нормалари бўйича саволлар билан мурожаат этишди.
Саволларга эса соҳа ходимлари аниқ ва тушунарли тарзда жавоблар қайтаришди.
Тадбир сўнгида божхона ходимлари вилоят Ахборот-кутубхона маркази фондига “Мард ўғлонлар номи барҳаёт” деб номланган китобни совға қилишди.
29.01.2021