“26 январь - Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни” муносабати билан “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг янги манзилдаги замонавий биноси фойдаланишга топширилди.
Ушбу янги бино Самарқанд-Бухоро-Туркманобод автомагистраль йўли ёқасида жойлашганлиги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига ҳам бирмунча қулайликлар яратади. 1,2 гектар майдондаги логистика маркази Давлат божхона қўмитасининг ўз маблағлари ҳисобидан қурилди. 3,3 минг квадрат метр майдондаги божхона омборларида бир вақтнинг ўзида 1200 тоннага яқин товарларни сақлаш мумкин.
- Аввалги постда кунига 20-30 тагача юк автотранспортларини қабул қилиш имкони бор эди, - дейди вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Якуб Мирзараҳимов. – Янги постда эса кунига 60-70 тагача юк автомобилларини қабул қилиш имкони бор. Яна бир аҳамиятли жиҳати, янги логистика марказида бир жойнинг ўзида экспертиза, ўсимликлар карантини, давлат санитария, ветеринария хизмати каби сертификат идоралари ва банк шохобчаси ҳам ташкил этилиб, “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатмоқда. Бу, аввало, вақтни тежайди, қолаверса, ташқи иқтисодий савдо иштирокчиларига қўшимча қулайликлар яратади.
Янги постнинг очилиш тадбирида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов, сенатор Ф.Тошев ва бошқа жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Сана муносабати билан бир гуруҳ соҳа ходимларига вилоят ҳокимлиги, Давлат божхона қўмитаси ва бошқарманинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур божхона пости “Самарқанд-Бухоро-Туркманобод” йўналишидаги “М-37” автомагистрал йўлининг Самарқанд тумани Мотрид қўрғонидан ўтган қисмида жойлашган.
28.01.2021