Наманган шаҳрида ҳаракатланаётган фуқаро З.И бошқарувидаги “ВАЗ-2103” русумли автотранспорт воситаси шубҳали туюлгани боис тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада, автомашина юкхонасида қалбаки акциз маркалари ёпиштирилган 9 турдаги 156 шиша қўлбола усулда тайёрланган салкам 60 литр ҳажмдаги ароқлар олиб кетилаётганлиги аниқланди.
Қонунбузарликни илдизи билан бартараф этиш мақсадида мазкур тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаро, З.И нинг яшаш хонадони ҳам холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Аниқланишича, бу ерда қўлбола ароқ ишлаб чиқаришга мўлжалланган яширин цеҳ фаолияти йўлга қўйилган. Буни бу ердаги бўш шиша идишлар, қопқоқлар, акциз маркалари, турли ёрлиқлар ва идишларни қадоқлаш учун мўлжалланган асбоб-ускуналар фош этди.
Тезкор тадбир давомида ўзбошимчалик билан ташкил қилинган яширин цех фаолиятига шу заҳотиёқ чек қўйилиб, юқоридаги далилий ашёлар вақтинча сақловга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
24.09.2018