Божхона органларида иш самарадорлигини ошириш ва иш жараёнида инсон омилини имкон қадар камайтириш мақсадида тизимли ислоҳотлар амалга оширилиши натижасида божхона кўрик жараёни учун сарфланадиган вақтнинг нафақат камайишига эришиляпти, шу билан биргаликда турли божхона қоидабузарликларини аниқлаш борасида ҳам катта ютуқларга эришилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси божхона постларини катта ҳажмдаги сканер қурилмалари билан жиҳозлаш лойиҳаси доирасида Хитой Халқ Республикасининг грант маблағлари ҳисобидан тақдим этилган темир йўл вагонларини сканер қилувчи инспекцион-кўрик мажмуалари ёрдамида оз вақт ичида катта ҳажмли юкларни божхона кўригидан ўтказиш имкони яратилди.
Худди шундай инспекцион-кўрик мажмуаларидан яна бирини Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Ўзбекистон” темир йўл чегара божхона постига ўрнатиш ишлари ўз якунига етди. Шу муносабат билан 26 январь – божхона хизмати ходимлари куни муносабати билан мазкур постда инспекцион-кўрик мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирнинг расмий очилиш маросимидан сўнг, йиғилганлар инспекцион-кўрик мажмуаси билан яқиндан танишиб, унинг имкониятлари, иш самарадорлиги бўйича кўплаб маълумотларга эга бўлдилар.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур замонавий техника ёрдамида темир йўл контейнерлари ҳаракатланаётган вақтида унинг ичида мавжуд бўлган товарларни кўриш имконияти мавжуд. Бу эса контейнердаги товарларнинг декларацияда кўрсатилганлигига мослиги, контрабанда предметлари бор-йўқлигини назорат қилиш имконини беради.
Зеро, инспекцион-кўрик мажмуасини ўрнатишдан кўзланган асосий мақсад ҳам контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатларининг олдини олиш, хавфни бошқариш тизими орқали божхона назорати самарадорлигини ошириш баробарида, экспорт ва импорт жараёнларини янада тезлаштиришдан иборатдир.
25.01.2021