Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона институтида “Ватанга қасамёд” тантанали тадбири бўлиб ўтди
1650
Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида “Ватанга қасамёд”ни қабул қилиш тантанали тадбири бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти, меҳнат фахрийлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Божхона институтида “Ватанга қасамёд” тантанали тадбири  бўлиб ўтди

Давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланган тадбирда Давлат божхона қўмитаси Раиси, божхона хизмати генерал-майори М.Азимов сўзга чиқиб, халқимизнинг асрий орзуси бўлган мустақиллик туфайли меҳнаткаш, мард ва саховатли, бағрикенг ва олижаноб халқимиз, айниқса ёшларимиз учун мисли кўрилмаган имкониятлар очилганини таъкидлади. “Ватанга қасамёд” қабул қилиш маросимининг   “26 январь Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни” куни арафасида ўтказилаётганидан ҳам ўзига хос маъно ва мазмун мужассамлигига тўхталди.

Давлат божхона қўмитаси Раиси ўз сўзида давом этар экан, тадбирда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз ёшларини сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши борасида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг амалий ифодаси сифатида шаффоф ўтказилган тест синовлари натижасида курсант деган шарафли номга сазовор бўлганликлари билан биринчи курс курсантларини самимий табриклади.

Шунингдек, тадбирда “26-январь Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни” куни арафасида, ушбу шарафли касбга бел боғлаган бўлғуси божхоначиларнинг “Ватанга қасамёд”ни қабул қилиши ўзига хос рамзий маъно касб этиши ва бу қувончли кун мустақиллик фарзандлари саналмиш азиз курсантларимизнинг ёдида бир умр муҳрланиб қолиши айтиб ўтилди. Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халқга йўллаган Мурожаатномасида 2021 йилни мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиши ҳам Янги Ўзбекистон ёшларига нисбатан кўрсатилаётган ғамхўрлик сиёсатининг мантиқий давоми бўлганини айтиб ўтди.

Шундан сўнг курсантлар қасамёд қабул қилишга киришишди. Ҳар бир курсант “Ватанга қасамёдни” қабул қилар экан, кўзидаги ҳаяжон унинг қай даражада масъулиятли ва шарафли касбни танлаганидан далолат берарди. Улар Ватанимиз ва халқимизга содиқ бўлишга, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларини муқаддас билган ҳолда унга риоя этишга, божхона органлари  низомлари, бошлиқ ва командирларнинг буйруқларини сўзсиз бажаришга, ўрнатилган тартиб ва интизомга қатъий риоя қилишга тантанали равишда қасамёд қилдилар.

Тадбир давомида сўз олган ДБҚ Фахрийлар уюшмаси раиси Д.Қудриддинов курсантларга келгусидаги ўқиш ва хизмат фаолиятида улкан зафарлар тилаб, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда бор куч-ғайратларини сафарбар этишга ва содиқ хизмат қилишга ундаб ўтди.

Тадбирда 1-курс курсанти М.Қурбонов ҳам сўзга чиқиб, давлатимизнинг юксак эътибори ҳамда ғамхўрлигини доимо ёдда тутган ҳолда халқ манфаатларига хизмат қилишдек олий мақсад билан билим олиш, келажакда етук мутахассис бўлишга ваъда берди.

“Ватанга қасамёд” тадбири курсантлар саф майдони бўйлаб тантанали юриши билан якунланди.

24.01.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг