Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши курашиш - бурчимиздир
1625
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жамиятимизда турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар эканлиги тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда. 

Бироқ, шундай иллатлар борки, улар ўсиб келаётган дарахт илдизига урилган болтага ўхшайди. Коррупция - шиддат билан илдамлаётган замоннинг глобал занглашидир. У бор жойда ўсиш ҳам, юксалиш ҳам бўлмайди. Қисқа қилиб айтганда, коррупция – нурли келажакка тўсиқдир. Бу иллатни таг-туби билан йўқотиш асосий ва муҳим вазифаларимиздан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда Давлат божхона қўмитаси тизимида коррупцияга қарши курашиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан яқинда Давлат   божхона   қўмитаси   томонидан божхона  органларида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва ҳал этиш  чораларини такомиллаштиришга қаратилган ички идоравий ҳужжат қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органларида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва ҳал этиш тўғрисида”ги Йўриқнома тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органларида манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган соҳалар рўйхати ишлаб чиқилди.

Мазкур рўйхат ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими бош саҳифасига жойлаштириб борилади.

Хусусан, Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг масъул бўлимлари томонидан бошқарма,  “Сирдарё” чегара ва “Гулистон”, “Сайхун” ва “Ховос” ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари ходимлари ўртасида коррупцион иллатлар содир этилмаслиги доимий равишда назорат қилинмоқда.

Бошқарма томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган бўлиб, мавзуга оид материаллар маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситаларида ёритиб келинмоқда, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган видеороликлар ва эшиттиришлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, карантин талабларига риоя этилган ҳолда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ва кенг жамоатчилик ўртасида ҳам коррупция оқибатлари ҳамда унинг жамият ҳаётига салбий таъсири, бу жиноятчиликка нисбатан қонунчиликда белгиланган жазолар хусусида мунтазам равишда тушунчалар берилмоқда ва ушбу иллатга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари бирдек маъсул эканликлари, божхона қонун бузилиш ҳолатларининг гувоҳи бўлганларида Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08  рақамига ёки бошқарманинг 67 225-48-67 рақамли ишонч телефонларига қўнғироқ қилишлари юзасидан тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Унутмаслик керакки, коррупцияга қарши курашишда барчамиз бирдек масъулмиз ва бу ҳар бир фуқаронинг ватан олидидаги юксак бурчидир.

23.01.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг