Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Оқ йўл сизга, битирувчилар!
1728
Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институтида ушбу таълим даргоҳини жорий йилда тугаллаётган битирувчиларга дипломлар топшириш маросими ўтказилди. Тантанали тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Давлат божхона қўмитаси Раҳбарияти, божхона фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари, шунингдек, ота-оналар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар.

Давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланган тадбирда сўзга чиққан Давлат божхона қўмитаси Раиси Муротжон Азимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев, Божхона хизмати фахрийлари уюшмаси Раиси Д.Кудриддинов ва бошқалар божхона хизматининг энг муҳим мезони – адолатли бўлиш, қонунларга оғишмай амал қилиш эканлигини, божхона ходимидан нафақат ўз касбининг сирларини чуқур эгаллаш, балки халқимиз маънавияти ҳамда олийжаноб ахлоқий фазилатларини ўзида мужассам этиши зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, божхона соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5414-сонли Фармонларида Ўзбекистон Республикаси божхона органларини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида Олий ҳарбий божхона институти фаолиятини, юқори профессионал кўникмага, маънавий-ахлоқий сифатларга ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусига эга бўлган кадрларни тайёрлаш, танлаш ҳамда жой-жойига қўйиш тизимини тубдан такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганлиги фикримизнинг яққол исботидир.

Зеро, юртимиз божхонаси – Ватанимиз остонасидир. Бу остонанинг поклиги, ундан ёвуз ниятли ва ғаразли кимсалар ўтмаслиги кўп жиҳатдан божхоначиларга боғлиқ. Етук ва профессионал, замонавий билимларни чуқур ўзлаштирган, юқори малака ва амалий тажрибага эга бўлган кадрлар божхона ишида мувафаққият ва самара омили ҳисобланади.

Шундай экан, божхона ишини жаҳон андозалари даражасида ташкил этишнинг ушбу муҳим шарти – юқори малакали профессионал божхона ходимларини тайёрлаш ва уларнинг касб малакасини ошириш тизимини тубдан яхшилашда намоён бўлади.

Олий ҳарбий божхона институти зиммасига республиканинг иқтисодий хавфсизлигини виждонан ҳимоя қилишга қодир бўлган ижтимоий фаол, ҳалол ходимларни тарбиялаш билан бир қаторда тингловчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, уларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлиги бўйича самарали ишларни ташкил этиш каби масъулиятли вазифалар юклатилган.

Бугунги кунда институтда 2 та факультет ва уларнинг таркибида 11 та кафедра ҳамда мустақил бўлим ва бўлинмалар фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларда тингловчиларнинг профессионал даржада таълим олишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Ўқув аудиториялари фан-техниканинг энг замонавий ютуқлари билан жиҳозланган.

Ўқиш жараёнида битирувчилар иқтисодий, ҳуқуқий, гуманитар ва фундаментал фанлар ҳамда божхона назоратини ташкил этиш, ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан бошқариш, тезкор-қидирув фаолият, божхона статистикаси ва ахборот технологиялари каби фанларни ўзлаштирдилар.

5L4A8975.JPG

Шу билан бирга, тингловчиларга божхона органлари фаолиятига жорий этилган ягона автоматлаштирилган ахборот тизимлари (ЯААТ), Бутунжаҳон божхона ташкилоти томонидан қабул қилинган “Халқаро савдони eнгиллаштиришнинг хавфсизлик стандартлари”, хавфни баҳолаш ва бошқариш тизими, радиацион портал мониторлардан фойдаланиш ва бошқа бир қатор долзарб йўналишлар бўйича қўшимча махсус курслар ўтказилди.

Тўрт йил давомида бизга берилган таълим, кўрсатилган юксак ғамхўрликни олдиндаги хизмат давомида муносиб оқлашга сўз бераман.– дейди битирувчилардан бири Шаҳбоз Юсупов.

Давлат божхона тизимида хизмат ўташ учун ҳуқуқий, иқтисодий ва ҳарбий соҳадаги билимларни эгаллаш, жанговар вазифаларни юқори савияда бажара оладиган, ҳар қандай шароитда тўғри қарор қабул қилишда етарли даражадаги билим ва кўникмаларга эга бўлган офицерлар тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли, Институтда тингловчиларга божхона иши ва божхона ҳуқуқига оид чуқур билимлар бериш билан бир каторда, уларнинг юқори маданиятли, жисмонан бақувват бўлиб етишишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тингловчиларга ҳарбий ва жанговар тайёргарлик машғулотларида назарий ва амалий билимларни бериш билан бирга уларда Она-Ватанга муҳаббат, божхоначи ва ҳарбий қасамёдига, бурчига содиқлик туйғулари шакллантирилмоқда.

Институтда спорт турлари бўйича ўтказиладиган машғулотларда асосий эътибор тингловчиларнинг жисмоний соғлом ривожланишига эътибор қаратилади. Қўл жанги дарсларида тингловчиларга ўзини ҳимоялаш бўйича барча усуллар ўргатилса, сув ҳавзасида сузишда эса чидамлилик хусусиятларини оширишга муҳим аҳамият берилади. Спорт майдончалари ва замонавий спорт анжомлари билан жиҳозланган тренажёр заллари доимий равишда тингловчилар ихтиёрида.

5L4A9064.JPG

Институтда ўқ отар қуроллардан отиш учун мўлжалланган тир мавжуд бўлиб, унда тўппончадан амалий отиш машғулотлари олиб борилади. Замонавий «КОРУНД» электрон отиш мосламаси эса тингловчиларнинг ўқотар қуроллардан отиш бўйича маҳоратини янада оширишга кўмак беради.

Узоқ йиллардан бери ёш авлодга таълим-тарбия бериб келаётган педагог сифатида бугунги ёшларимизга қаратилаётган эътибор учун Муҳтарам Юртбошимизга чексиз миннатдорчилик билдираман, – дейди Комила Нуруллаева. - Бугун фарзандим божхоначи деган шарафли ва масъулиятли номга сазовор бўлаётганидан беҳад мамнунман. Буларнинг бари Мустақиллигимизнинг меваси, шарофати деб биламан.

Битирувчиларни кузатиш маросими бир гуруҳ санъаткорлар иштирокидаги тантанали байрам дастурига уланиб кетди.  

26.06.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг