-Умидахон бугунги кунда божхона институтида ўқиш истак билдирувчи кўплаб мурожаатлар тушиб келмокда, келинг шу тўғрисида тушунтириш берсангиз. Божхона институтига кириш учун қай тартибда амалга оширилади?
Институтга ўқишга қабул қилиш қуйидаги босқичларда ташкил этилади ва ўтказилади: дастлабки танлов, махсус касбий танлов, тест синовлари.
Бир босқичдан муваффақиятли ўтолмаган номзодлар кейинги босқичга қўйилмайди.
-Қайси йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрланади?
Институтда «Божхона иши» ва «Юриспруденция» (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш) бакалавриат таълим йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади.
-Божхона институтига кириш учун номзод неча ёшида ва қандай маълумотга эга бўлиши керак?
умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими маълумотига эга бўлган;
ҳарбий хизматни ўтамаган ўн етти ёшдан кичик (қабул йилида ўн етти ёшга тўладиганлар) ва йигирма бир ёшдан катта бўлмаган, шу жумладан йигирма бир ёшда бўлган;
ҳарбий хизматни ўтаган ўн саккиз ёшдан кичик ва йигирма беш ёшдан катта бўлмаган, шу жумладан йигирма беш ёшда бўлган, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари танлов асосида қабул қилинади.
-Институтга кириш учун номзоднинг бўйи аҳамиятга эгами?
Номзодларнинг бўйи 165 см.дан
қиз болалар учун 160 см паст бўлмаслиги лозим.
-Институтга кириш учун номзод қаерга ҳужжатларни топшириши керак?
Институтга ўқишга кириш учун ариза (билдирги)лар қабул йилининг 1 январидан 1 апрелига қадар қабул қилинади.
Институтга ўқишга кириш истагини билдирган номзодлар томонидан, доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойдаги ёки номзод таҳсил олаётган ўқув муассасаси жойлашган ҳудуддаги божхона бошқармасининг ишчи гуруҳига ҳужжатлар тақдим этилади.
-Институтга ўқишга кириш истагини билдирган номзодлар қайси ҳужжатлар тақдим этади?
номзоднинг аризаси (билдирги);
номзоднинг паспорт нусхаси;
номзоднинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси
номзоднинг Институтга ўқишга киришда имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари (асли ва нусхаси);
номзоднинг умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси (академик лицей, касб-ҳунар коллежи)ни тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси;
номзод ота-онасининг институтга ўқишга киришга розилик хати.
Номзодга бериладиган имтиёзлар борми?
– Ҳа аллбатта Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 13 майдаги 395-сон қарорининг 2-бандига мувофиқ, чет тилини В2 ва ундан юқори даражада билишини тасдиқловчи халқаро сертификатларга, тегишлича эга бўлган абитуриентларга чет тили фандан белгиланган максимал балл берилади ҳамда улар ушбу фан бўйича тест синовидан озод этиладилар.
Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақаларининг Институтга танловдан ташқари ўқишга қабул қилишга тавсия этилган ғолиблари рўйхати Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.
-Яна бир савол, хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун олийгоҳга кириш тартиби тўғрисида тушунтирсангиз?
– Хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг фарзандлари Институтга дастлабки ва махсус касбий танлов натижалари ҳамда тегишли вазирлик ёки идора раҳбарининг тақдимномаси асосида, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларисиз белгиланган қабул квоталари ичида Институт бакалавриатига ўқишга қабул қилинадилар.
Маъзмунли ва қизиқарли сўҳбатингиз учун раҳмат, барча абитуриентларга омад тилаган ҳолда хайрлашиб қоламиз.
Тошкент вилояти божхона
бошқармаси Ахборот хизмати
21.01.2021