Божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида божхона постларида яратилган шарт-шароитлар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришда божхона ходимларининг машаққатли хизмати қай даражада ўзини оқламоқда?
“26-январь – давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни” арафасида айни шу саволларга жавоб излаш мақсадида бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Давлат божхона қўмитаси Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ташқи иқтисодий фаолият божхона постларига ҳамда Давлат божхона қўмитаси “Божхона тарихи” музейига пресс тур уюштирилди.
Медиа тур давомида таъкидланганидек, мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор тараққиёти ва истиқболининг муҳим омили ҳисобланган тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш мақсадида юртимизда кенг кўламдаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Пресс тур аввалида ОАВ вакиллари Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида бўлишди ҳамда божхона пости тарихи, у ердаги божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш, божхона назоратининг шакл ва усулларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишишди.
“Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ўтган 2020 йил давомида 86 минг 422 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилиб, давлат бюджетига 3 трлн 989 млрд. сўмдан ортиқ тўловлар ўтказилган.
Мазкур пост орқали тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилган салкам 384 млн АҚШ долларидан зиёд маҳсулотлар хориж мамлакатларига экспорт қилинган.
Мазкур божхона пости 1998 йил ташкил этилган бўлиб, ҳозирда “Orient Logistics Center” логистика маркази ҳудудида жойлашган. Журналистлар мазкур логистика маркази билан ҳам яқиндан танишишди.
“Orient Logistics Center” логистика марказининг дастлабки қурилиш ишлари 2019 йил апрель ойида бошланган бўлиб, замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган, замонавий дастурий таъминот томонидан бошқариладиган замонавий логистика маркази сифатида ташкил этилмоқда. “Orient Logistics Center” логистика маркази ҳар қандай стандарт ўлчамдаги товарларни қабул қилиш ва қайта ишлаш бўйича транспорт-логистика хизматлари мажмуасини ўзида акс эттиради.
7000 кв.м майдонга эга мазкур божхона омбори Германия ва Туркиядан келтирилган энг замонавий юклаш ускуналари билан жиҳозланмоқда.
Ҳозирда логистика марказида 960 та контейнерга мўлжалланган бир марталик сиғимга эга қўшимча терминал қурилиш ишлари давом эттирилмоқда. Янги қурилаётган терминалнинг умумий майдони 13 минг квадратни ташкил этади. Мазкур терминалнинг қурилиш ишлари 2021 йилнинг иккинчи чорагида ўз якунига етади.
Медиа турнинг навбатдаги манзили “Арк-булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди десак муболаға бўлмайди.
Бугун божхона постлари янги, замонавий қиёфада қад ростлади.
Хусусан, ташкил этилган логистика марказларида “Ягона дарча” тамойили асосида тадбиркорларга хизмат кўрсатилмоқда.
Рақамли иқтисодиётнинг таркибий қисми бўлган рақамли божхона доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали божхона органлари фаолияти шаффофлиги ҳамда самарадорлиги тобора ортиб бормоқда.
“Арқбулоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ҳам мана шундай логистика марказида жойлашган бўлиб, ташқи иқтисодий фаолиятдаги экспорт-импорт операцияларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиб келмоқда.
“Highway logistics center” замонавий логистика маркази 2017 йил ташкил топган бўлиб, 2018 йил февраль ойидан иш фаолиятини бошлади.
Ўтган уч йил, яъни 2018-2020 йиллар мобайнида прогрессив тарзда иш фаолиятини юргизиб келди, қисқача қилиб айтганда, 2018 йилда ҳафтасига юк ортиш-тушириш, сақлаш хизматларини 600 тоннагача амалга оширган бўлса, 2020 йил якунига келиб бу кўрсаткич ҳафтасига ўртача 1400 тоннани ташкил этди.
Лойиҳанинг биринчи босқичида 2160 кв.м майдондан иборат ёпиқ омбор ва 5012 кв.мдан иборат усти ёпиқ (навес) ва очиқ майдончадан иборат омборлар ва 200 автотранспорт воситалари учун махсус тураргоҳ фойдаланишга топширилди. Омборларда 4 та электропогрузчик, 2 та 3 ва 5 тонналик дизель погрузчиклар, шунингдек 6 та электротранспаллетлар каби техникалар ортиш-туриш хизматларини амалга ошириб келмоқда.
Лойиҳанинг 2-босқичи режасига мувофиқ, 2020 йил бошидан янги Замонавий стандартларга тўлиқ жавоб бера оладиган "А" классдаги омбор ишга тушди.
Унга кўра, янги “А” классдаги божхона омбори майдони 10 минг кв.м дан иборат. Омборнинг 5 минг кв.м майдонида юкни кўп қаватли сақлашга мўлжалланган металл конструкцияли токчалар (стеллаж) жойлашган.
2020 йил давомида логистика марказида товарлар айланмаси 80 минг 454 тоннани ташкил қилган бўлса, худди шу курсаткич 2019 йилнинг мазкур даврида нисбатан 25 минг 159 тоннага кўп деганидир.
Логистика марказлари ривожланган давлатлар иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллайди. Шу сабабдан, давлатимизда замонавий жаҳон стандартларига мос келадиган логистика марказларининг барпо этилиши мақсадга мувофиқдир.
Хавфни бошкариш тизими жорий этилгандан сўнг, агар БЮД сариқ ёки яшил йўлакларга йўналтирилса, божхона расмийлаштируви жараёни соддалаштирилган тартибда амалга оширилади. Бу эса тадбиркорларга қулайлик яратади.
Мазкур божхона постида ҳам “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали товар ва транспорт воситаларига берилган рухсат этувчи турдаги ҳужжатларни онлайн тарзда кўриш ва текшириш механизми жорий этилган. Ушбу божхона постида божхона расмийлаштирувига зарур бўлган ҳужжатларни беришга ваколатли бўлган мутасадди идораларнинг вакиллари ҳам фаолият олиб бормоқда.
Медиа тур якунида журналистлар Давлат божхона қўмитасининг “Божхона тарихи” музейига ташриф буюриб, минтақада божхона ишининг яратилиши, шаклланиши тарихи ҳамда божхона иши асослари билан танишишди.
Медиа тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.
Ташкил этилган бу каби медиа турларда журналистлар энг аввало божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бевосита гувоҳ бўлиш, ёритилаётган мавзунинг ичига кириб бориш ва ҳар бир детални пухта ўрганиш имконига эга бўлишди. Бу эса табиийки, улар томонидан тайёрланадиган материалларнинг янада батафсил ва таъсирчан бўлишига хизмат қилади.
21.01.2021