Ўзи, оиласи, халқи, маънавий илдизлари ҳақида етарли тушунчага эга бўлган бола жиноят кўчасига қадам босмайди. Бунга эришиш учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиши, бурчини сидқидилдан бажариши лозим.
Шу боис, бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида жиноятчилик ва уни келтириб чиқарувчи шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бу йўналишда эса ёшларнинг ҳуқуқбузарлик йўлига ўтишларининг олдини олишга катта эътибор қаратиляпти.
Жиззах вилоят божхона бошқармасининг масъул ходимлари томонидан ташкил этилган навбатдаги профилактика тадбири Жиззах шаҳридаги 7-сон умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Ўтказилган учрашувда ёшларга ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда одам савдоси, диний экстремизм ва терроризм каби салбий иллатларнинг оқибатлари ҳақида тушунчалар берилди. Қолаверса, диний экстремистик оқимлар, террористик гуруҳлар ўз сафларини кенгайтириш мақсадида турли усулларни қўллаши, энг ачинарлиси ҳали мафкуравий жиҳатдан тўлиқ шаклланмаган ёшларга ўз таъсирини ўтказишга уринаётганлиги, бунда эса ҳар бир ёш ҳушёр ва огоҳ бўлиш лозимлиги таъкидланди.
Бугунги кунда мамлакатимизга кириб келаётган фуқаролар томонидан турли мазмундаги тақиқланган диний ва беҳаёликни тарғиб қилувчи материалларни тушуниб-тушунмасдан уяли алоқа воситалари ёки ахборот ташувчи воситаларига жойлаштириб, юртимиз ҳудудига олиб киришга уриниш ҳолатлари кўплаб учраётганлиги ҳеч кимга сир эмас.
Бу борада эса ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорлигида мунтазам равишда чора-тадбирлар кўрилмоқда. Тадбир давомида мазкур ҳолатлар бўйича ҳам ёшларнинг тушунча ва кўникмалари бойитилди.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
22.09.2018