Ўғил-қизларни ҳар томонлама етук, билимли, салоҳиятли шахс, комил инсон сифатида тарбиялаш масаласига ўзига хос тарзда, замонавий усуллар асосида ёндашилмоқда.
Бугун мамлакатимиз ёшлари томонидан эришилаётган улкан ютуқлар замирида сўнгги йиллардаги берилаётган эътибор, ёшлар тарбияси, умуман, кадрлар тайёрлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилгани мужассамдир. Уларга давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик миқёси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Истиқлол йилларида давлатимиз томонидан ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган, баркамол авлод камолоти учун хизмат қилувчи ҳуқуқий асосларни яратиш борасида ҳам салмоқли натижалар қўлга киритилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлиги ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда амалга оширишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Андижон вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ташаббус ва ғояларга лаббай дея энг аввало ўсиб келаётган ёшлар қалбида Ватанга бўлган муҳаббат, садоқат, ифтихор каби туйғуларни уйғотишда ақл идроки эндигина шаклланаётган болажонлардан бошлаш мақсадга мувофиқ эканлигини инобатга олиб, республикамизнинг чекка худудларидан бири бўлган Марҳамат туманидаги “Болалар академияси” номли мактабгача таълим муассасасида бўлдилар.
“14 январь Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан мактабгача таълим муассасаси ходимлари ва тарбияланувчиларининг ҳар бири махсус ҳарбий кийимбошларда Ватанни мадҳ этувчи шеърий табриклари ҳамда 20 дан зиёд ватанпарварлик ҳисларини акс эттирувчи саҳна кўринишлари божхоначилар кўнглига ифтихор туйғуларини олиб кирди.
Кўтаринки кайфиятда ўтказилган тадбир якунида Ватан осойишталиги йўлида туну-кун хизмат қилишдан чарчамайдиган офицер ва кинолог божхоначилар ҳам юртимизга кириб келиши мумкин бўлган контрабанда ашёлари ҳақида маълумотлар бериб уларни хизмат итлари ёрдамида топиш машқларини кўрсатиб бердилар.
Таъкидлаш жоизки, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда фуқаролик туйғуларини, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ила қарай оладиган ўғил-қизлар бўлиб етишишларида божхона хизмати ходимлари ҳам ўзларининг бор куч-ғайратларини сафарбар этишга тайёрдирлар.
14.01.2021