Мазкур йўналишда навбатдаги матбуот анжумани вилоят Журналистлар уйида вилоят божхона ва вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилди.
Унда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирни вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси раҳбари У.Нусуров олиб бориб, вилоят божхона бошқармаси раҳбари З.Турдалиевнинг соҳага оид қисқача ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун бир қанча енгилликлар яратилган. Ўтган қисқа муддатда божхона тизимида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилган.
Соҳага оид рухсат бериш тартиблари, расмийлаштирувда талаб қилинадиган ортиқча ҳужжатлар ҳамда айрим тартиботлар бекор қилинганлиги, шунингдек божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришда ахборот тизимларининг ўрни катта эканлиги, бу борада расмийлаштирув билан боғлиқ барча жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилганлиги, “рақамли божхона” тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Муҳим янгиликдан бири бу соҳага “Хавфни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизимининг амалиётга жорий этилиши натижасида, товар ва транспорт воситаларини аввалги 100 фоиз божхона назоратидан ўтказишдек самарасиз усулдан воз кечилиб, бугунги кунда ушбу ахборот тизимининг жорий этилиши билан 49 фоиздан ортиқ юклар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда.
Бошқарма томонидан ўтган 2020 йил давомида амалга оширилган ишларга қисқача тўхталадиган бўлсак, воҳага импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида 2,5 триллион (100%) сўмлик божхона тўловлари ҳисобланган. Шундан тадбиркорларга қулайлик яратиш ва давлат аҳамиятидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, божхона тўловларидан 2,2 триллион сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган. Давлат бюджетига 297,6 миллиард сўмлик божхона тўловлари ундирилган.
Аниқланган божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари бўйича 2020 йилда ҳолатлар сони 248 тани, товар моддий бойликлар қиймати 1 миллиард 410 миллион сўмни ташкил этди.
Мавжуд таклифлар ва йўлланган мурожаатлар ўрганиб чиқилиб, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига енгилликлар яратиш, ортиқча қоғозбозликларни камайтириш, кўрсатилаётган хизматлар шаффофлигини таъминлаш ва коррупцияни олдини олишга қаратилган интерактив хизматлар амалиётга жорий этилган.
Ушбу электрон хизматлар орқали тадбиркорлар тўланиши лозим бўлган тўловлари ҳисоби, декларациянинг мақоми, чегара постларидаги навбатлар, расмийлаштирувга сарф этилган вақт, асосий экспорт ва импорт товарлар ҳажми, депозит ҳисоб рақамидаги қолдиқ суммалар ҳақида маълумотларни онлайн олиш имконияти яратилди.
Маълумот учун, 2020 йилда 6 та ахборот тизимлари ҳамда 13 та интерактив хизматлар амалиётга жорий этилган бўлиб, бугунги кунда божхона органларида 56 та ахборот тизимлари ва 30 та интерактив хизматлардан самарали фойдаланилмоқда.
Матбуот анжуманида, йиғилиш иштирокчиларига Давлат божхона қўмитасининг қисқа “11-08” рақамли ишонч телефони ҳамда бошқармада ташкил этилган “75 221-04-80” рақамли ишонч телефонлари бўйича ҳам маълумот бериб ўтилди.
Тадбир якунида, божхона бошқармаси билан оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар ўртасида йўлга қўйилган яқин ҳамкорлик эътироф этилиб, келгусида бу борадаги ишларни янада мустаҳкамлаш юзасидан фикрлар алмашилди.
13.01.2021