Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспорт географияси тобора кенгаймоқда
1614
Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётини барқарорлаштириш бўйича муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда уларни экспорт қилиш учун зарур шароит ва имкониятлар яратилмоқда ва бу ўз самарасини бермоқда.
Экспорт географияси тобора кенгаймоқда

Божхона  маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, «қоғозсиз ва электрон божхона»нинг мантиқий давоми ва ривожланиши бўлган «рақамли божхонани» шакллантириш бугун тизим олдидаги энг катта вазифалар ҳисобланади.

Мазкур вазифаларни ўз вақтида, сифатли ва тўлақонли амалга ошириш, энг аввало тадбиркорларга сифатли божхона хизматини кўрсатиш эса муносиб шарт-шароитлар яратишни тақозо этади.

2020 йилда божхона соҳасида давлатимиз томонидан қабул қилинган муҳим ҳужжатлар, жорий қилинган янги тартиб ва қулайликларнинг барчаси ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини оширишга қаратилди.

Хусусан, биргина Сирдарё вилояти божхоначиларининг ўтган 2020 йилда эришган натижаларига тўхталадиган бўлсак, 2020 йил давомида Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан 190,5 млрд. сўмдан зиёд божхона тўловлари ундирилиб, Давлат бюджетига ўтказилишига эришилди.

Вилоятда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш, экспорт-импорт операцияларини жадаллик билан амалга оширишларида кўмаклашиш борасида божхоначилар томонидан сезиларли ишлар амалга оширилган.

Энг муҳими эса, давлатимиз томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар доирасида корхоналарга божхона тўловларидан 627,12 млрд. сўмлик имтиёзлар қўлланилди.

Бу эса вилоятда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хорижга экспорт қилишни муносиб рағбатлантирмоқда.

Масалан, 2020 йилда вилоятдан 181,7  млн. АҚШ доллари қийматидаги товарлар хорижга экспорт қилинди.

Бошқарманинг ТИФ божхона постлари томонидан жами 15 564 та божхона юк декларацияларни расмийлаштирилган бўлиб, шундан “яшил” йўлакда 4 594 та ёки 29,5 %, “сариқ” йўлакда 6 959 та ёки 44,7 % ва “қизил” йўлакда 4 011 та ёки 25,8 %ни ташкил этган бўлса, мазкур БЮДларни расмийлаштириш учун кетган вақт сарфи таҳлил қилинганда, импорт божхона режимига ўртача 2 соат 22 дақиқани, экспорт божхона режимига ўртача 37 дақиқани ташкил этди.

Ташкил этилган амалий чора-тадбирлар натижасида бошқарма ходимлари томонидан 374 та божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича  8,16 млрд. сўмлик товар моддий бойликлар ушлаб қолинган.

2020 йилнинг ўтган даври мобайнида божхона соҳасининг муҳим жиҳатлари, қонунчиликдаги янгиликлар, божхона қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан аниқланган ҳолатлар бўйича марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали жами 561 та чиқишлар қилинган.

Республикамизда айни пандемия шароитида ҳам экспорт ҳажмини ошириш ва иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш долзарб масаладир.

Мамлакатимизда карантин тадбирлари давом эттирилаётганлиги сабабли бугунги кунда юзага келаётган чеклов чораларига қарамай республикамизнинг бирор бир ҳудудида ташқи савдо операциялари жараёни бир дақиқа бўлса ҳам тўхтатилгани йўқ.  Бу жараёнларни узлуксизлигини таъминлаш йўлида тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама кўмак бериш учун божхоначилар ташаббускорликни ўз қўлларига олишмоқда.

Хусусан, тадбиркорларнинг муаммоларини жойига чиқиб ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг маъсул ходимлари вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотларига боришиб, карантин  талабларига  қатъий  риоя қилган ҳолда учрашув ва давра суҳбатлари ташкил қилинди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, бугун мамлакатимизда ҳалол тадбиркорлик субъектлари учун дунё бозорларига эшиклар кенг очилган.  

 

13.01.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг