Айни шу мақсадда, яъни мамлакатимиз чегаралари орқали контрабанда товарлари, гиёҳвандлик воситалари, қурол-яроғ ва ўқ-дориларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйиш ҳамда уларни фош этишда божхона органларида кинология хизмати ходимлари ва уларнинг хизмат итларининг ўрни беқиёс десак муболаға бўлмайди.
Шу боисдан ҳам, кинолог ходимларни ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш ва уларнинг хизматидан оқилона фойдаланиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.
Андижон вилояти божхона бошқармасида бу борада ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, бошқарма раҳбарияти ҳамда Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлимининг мазкур соҳага масъул ходимлари томонидан кинолог ходимлар билан биргаликда ўқув машғулотлари ташкил этилди.
Ўқув машғулоти давомида хизмат итларини гиёҳвандлик воситалари, қурол-яроғ, ўқдори, портловчи моддалар, валюта қимматликларини қидириб топиш, шунингдек, қидирув-қутқарув, ҳимоя-қоровул, из қидирув хизмати, террорчиликка қарши ва бошқа операцияларда иштирок этиш йўналишлари бўйича тайёргарлик ҳолатлари ва кўникмалари назорат тартибида синовдан ўтказилди.
Шу билан бирга, божхона кўриги жараёнларида хизмат итларининг самарадорлигини янада ошириш, гиёҳвандлик воситалари, қурол-яроғ ва
ўқ-дориларнинг ноқонуний олиб ўтилишини олдини олиш ва чек қўйиш бўйича тавсиялар берилди.
Шунингдек, ўқув машғулоти сўнгида ҳар бир кинолог ходимларнинг иш фаолияти бўйича амалга оширган ишлари, эришган натижалари бўйича ҳисоботлари тингланиб, керакли кўрсатмалар берилди.
8.01.2021