Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ўз ўрнида яратилаётган қулайликлардан унумли фойдаланиб, маҳсулот ишлаб чиқариш, янги иш ўринларини яратиш ва энг асосийси дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлиш мақсадида бор куч-ғайратларини ишга солиб меҳнат қилишмоқда.
Ислоҳотлар самарасини биргина Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан амалга оширилган ишларнинг рақамлардаги ифодасида ҳам кўришимиз мумкин, яъни 2020 йил мобайнида, бошқарма томонидан 26 333 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилди.
Вилоятда экспорт божхона режимига расмийлаштирилган товарлар ҳажми 305,9 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Экспорт товарларининг асосий қисмини тўқимачилик маҳсулотлари, калава ип, мева-сабзавот маҳсулотлари, металл ва ундан тайёрланган буюмлар ҳамда бошқа саноат маҳсулотлари ташкил этди.
2020 йил мобайнида Наманган вилоятидан товарлар 39 та давлатларга экспорт қилинган бўлиб, экспортнинг катта улуши Россия, Қирғизистон, Хитой, Қозоғистон, Туркия, Украина, Польша, Германия, Тожикистон Италия, Португалия мамлакатларига тўғри келади.
Импорт қилинган маҳсулотлар орасида энг катта улуш технологик асбоб-ускуналари 34,2 фоизни, ёғоч ва ундан ясалган маҳсулотлар 8,3 фоизни, тўқимачилик маҳсулотлари 7,5 фоизни ҳамда кимё саноати маҳсулотлари 7 фоизни ташкил қилган.
Шунингдек, 2020 йил январь-декабрь ойларида Наманган вилояти 57 давлатдан товарлар ва хизматлар импортини амалга оширган.
Бошқарма томонидан 2020 йил давомида импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 1 трлн. 337,2 млрд. сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланиб, шундан 933,6 млрд. сўм қисмига божхона тўловларидан имтиёзлар берилди ҳамда давлат бюджетига 403,6 млрд. сўм ундирилди.
Божхона органлари томонидан яширин иқтисодиётга қарши кураш, хусусан, юртимизга товарларни ноқонуний олиб киришга уриниш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам бериш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бошқарма томонидан 2020 йилнинг 12 ойи давомида жами 454 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 19 млрд. 67 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида вақтинча сақловга олинган.
Қисқача айтганда, божхона органлари томонидан олиб борилаётган бу каби саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад республика иқтисодиётини янада ривожлантириш ва бу орқали халқимиз ҳаётини янада фаровон қилишга қаратилгандир. Негаки, тезкор ва аниқ ҳисоб-китобларга асосланган, мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари доимий эътиборда турадиган сифатли божхона хизматини ташкил этиш — божхоначиларнинг олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир.
8.01.2021