Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Цемент заводида сайёр учрашув бўлиб ўтди
2171
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича Сурхондарё вилоятидаги ишчи гуруҳ аъзоси, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Т.Саидов “Шеробод цемент заводи”да сайёр учрашув ўтказди.
Цемент заводида сайёр учрашув бўлиб ўтди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига қилган ташрифи чоғида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг қиймати 212 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур лойиҳаси билан танишиб, ўзларининг тегишли тавсияларини берган эдилар. Орадан ўтган қисқа давр мобайнида лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш борасида улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Ва ниҳоят, 1,5 йил ўтиб, жорий йилнинг август ойида завод ўз фаолиятини бошлади. 55 гектар майдонда қад ростлаган мазкур завод йилига 1.5 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга.

Учрашув давомида Т.Саидов завод учун олиб келинган ишлаб чиқариш қувватларининг божхона расмийлаштирувини тезкорлик билан амалга ошириш учун барча имкониятлар ишга солинишини таъкидлади ва бу борадаги мавжуд имкониятлар, енгилликлар ҳақида ахборот берди.

Жумладан, 2018 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлар интернет ёрдамида божхона юк декларацияларини ўз офисларидан чиқмасдан туриб, мустақил равишда тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш имкониятига эга бўлдилар.

Бунга қадар эса товарларни республикамизга олиб кирмоқчи ёки экспорт қилмоқчи бўлган тадбиркор божхона юк декларациясини тўлдириб бериш ва божхона идораларига тақдим этиш учун ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб божхона брокерлари ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар кўмагидан фойдаланишга мажбур эди.

Энди эса Давлат солиқ қўмитаси томонидан бериладиган электрон рақамли имзога эга бўлган ҳар бир тадбиркор буни амалга оширишга тўла ҳақли.

Бунинг учун у электрон рақамли имзо ёрдамида Ягона интерактив давлат хизматлари ёки Давлат божхона қўмитасининг расмий веб сайтига кириб, дастлаб ўз ташкилоти номидан товарларни декларацияловчи шахслар рўйхатини шакллантиради.

Шундан сўнг “Декларацияловчи шахслар рўйхати” интерактив хизматидан фойдаланган ҳолда божхона юк декларацияларини реал вақт режимида тўлдириб, божхона органларига тақдим этади.

Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча  саволларига жавоб олишди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

21.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг