Айни шу жараёнда эса айрим ҳолатларда божхона тўловларидан қочиш мақсадида товарларни декларацияловчи шахслар томонидан божхона расмийлаштирувига қалбакилаштирилган ҳужжатларни тақдим этиш ва товарларга тегишли кодларни ўзгартиришга уринишлар учраб турибди.
Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари ана шундай уринишлардан бир нечтасини бартараф этишди. Жумладан, “Арқ-булок” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида Контрабанда ва божхона қонун бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида божхона қоидабузарлиги фош қилинди.
Бирлашган Араб Амирликларидан пойтахтимизда фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига келтирилган 673 кг оғирликдаги қуруқ чой ва каноп толасига доир божхона юк декларацияси ва унга тегишли ҳужжатларни божхона органларига электрон тарзда тақдим қилиш жараёнида декларацияловчи шахс М.Ё. “уддабуронлик”ка қўл урди.
Яъни, мазкур товарларга тегишли ҳужжатларни кўздан кечириш давомида карантин кўриги далолатномасининг сохталаштирилганлиги аниқланди. Бир сўз билан айтганда ушбу шахс далолатномани компьютер дастурлари кўмагида ўзгартирган экан.
Шунингдек, мазкур постда юридик шахс номига Туркиядан келтирилган фанкойлларни (иситиш-совутиш тизими) импорт қилиш жараёнида декларцияловчи шахс Р.Ю. ушбу товларлар учун ундирилиши лозим бўлган 10 % миқдордаги акциз солиғидан қочишга урингани фош бўлди.
Яъни, божхона юк декларациясининг тегишли катагида кўрсатилиши лозим бўлган акциз солиғига доир маълумотларни очиқ қолдиради. Шу тариқа у 516 млн. сўмдан ортиқ божхона тўловларини тўламасликни кўзлаган экан.
“Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида эса бошқача ҳолат қайд этилди. Декларацияловчи шахс О.Б. пойтахтимизда фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамият номига келтирилган 1940 кг. тўқимачиликда фойдаланиладиган елимларга тегишли божхона юк декларацияси ва бошқа ҳужжатларни божхона органларига масофадан туриб тақдим қилади.
Ҳужжатларда ушбу товарнинг Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасидаги (ТИФТН) кодини тўлов ставкаси нисбатан паст бўлган бошқа кодга ўзгартиради. Бу билан у давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган салкам 18 млн. сўм божхона тўловларини “тежаб” қолмоқчи бўлган экан.
“Тошкент товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида аниқланган яна бир ҳолатда эса 334 минг дона канцелярия елимларининг божхона қийматини нотўғри кўрсатишга уриниш фош қилинди.
Бу билан декларацияловчи шахс Е.С. давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган 30 млн. сўмлик божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлар интернет ёрдамида божхона юк декларацияларини ўз офисларидан чиқмасдан туриб, мустақил равишда тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш имкониятига эга бўлдилар.
Бунга қадар эса товарларни республикамизга олиб кирмоқчи ёки экспорт қилмоқчи бўлган тадбиркор божхона юк декларациясини тўлдириб бериш ва божхона идораларига тақдим этиш учун ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб божхона брокерлари ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар кўмагидан фойдаланишга мажбур эди.
Энди эса Давлат солиқ қўмитаси томонидан бериладиган электрон рақамли имзога эга бўлган ҳар бир тадбиркор буни амалга оширишга тўла ҳақли.
Бунинг учун у электрон рақамли имзо ёрдамида Ягона интерактив давлат хизматлари ёки Давлат божхона қўмитасининг расмий веб сайтига кириб, дастлаб ўз ташкилоти номидан товарларни декларацияловчи шахслар рўйхатини шакллантиради.
Шундан сўнг “Декларацияловчи шахслар рўйхати” интерактив хизматидан фойдаланган ҳолда божхона юк декларацияларини реал вақт режимида тўлдириб, божхона органларига тақдим этади.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
21.09.2018