Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўқувчилар кинология соҳаси билан яқиндан танишишди
2481
“Ёшларга оид давлат сиёсати” тарғиботи ойлиги доирасида Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази вакиллари пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 55-сон умумтаълим мактабида бўлишди.
 Ўқувчилар кинология соҳаси билан яқиндан танишишди

Таъкидлаш жоизки, мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда, академик лицей ва коллежларда келажак авлод вакиллари билан божхона ходимлари иштирокида учрашувлар ўтказиш тобора анъана тусини олмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Миллий кинология марказидаги бошланғич ташкилоти ташаббуси билан уюштирилган мазкур учрашув ҳам мактаб ўқувчилари томонидан қизғин қарши олинди.

Унда марказнинг хизмат итлари питомниги бошлиғи Тўлқин Мисиров хизмат итлари билан ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида гапириб берди.

Аслида, ит ҳам инсонларнинг тўрт оёқли дўсти, яқин кўмакчиси ҳисобланади. Уларнинг имкониятларидан унумли фойдалана билиш кинологдан пухта билим ва чуқур малакадан ташқари, энг аввало жонзотларга нисбатан меҳр талаб қилади.

Айни пайтда марказда тайёрланаёган хизмат итлари кўмагида чегара божхона постларида яширинча олиб ўтилаётган гиёҳванд моддалар, қурол-аслаҳа ва портловчи моддалар, валюта бойликларининг фош қилинаётганлиги, шунингдек улардан из қидирув, қутқарув ва антитеррор йўналишида ҳам кенг фойдаланилаётганлиги ўқувчиларда бу соҳа бўйича яхлит тасаввурни шакллантиришга хизмат қилди.

Учрашувда мактаб ўқувчилари ўзларини қизиқтирган саволларига марказ ходимлари томонидан тегишли жавоблар олишди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

21.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг