Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Беруний туманида қиймати 7,9 млн. АҚШ долларига тенг бўлган маҳсулотлар экспорт қилинди
2955
Она диёримизда етиштирилган ва ишлаб чиқарилган маҳсулот ва товарларнинг ички бозордан ортган қисмини жаҳон бозорларига экспорт қилиш — нафақат давлатимиз бюджетига валюта тушумини таъминлайди, балки қўшимча иш ўринларининг яратилиб, аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам катта омил саналади.
Беруний туманида қиймати 7,9 млн. АҚШ долларига тенг бўлган маҳсулотлар экспорт қилинди

Шундай экан, аҳолини тадбиркорликка чорлаш, бу борада уларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан экспортёр корхоналарга ҳукуматимиз томонидан яратилаётган имконият ва имтиёзларни тушунтириш давлат идоралари олдидаги муҳим вазифалардандир.

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида туман ҳокимлиги ва Давлат божхона қўмитаси ташаббуси билан туман ёшлари ва хотин-қизларининг экспортга йўналтирилган тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган семинар-тренинг ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4889 сон қарориига асосан Беруний туманига масъул этиб белгиланган Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва  “Қишлоқ қурилиш банк” АТБнинг масъул вакиллари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ёшлар агентлиги, Савдо ва саноат палатаси, Адлия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат солиқ бошқармаси ходимлари  қатнашди.

Учрашувда асосий эътибор бугун мамлакатимизда тадбиркорларга яратилган шарт-шароитлар ва юзага келаётган муаммолар, тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари, босқичма-босқич экспортга йўналтирилган тадбиркорлик фаолияти ва экспорт логистикасини ташкил қилиш, экспорт товарлариининг божхона расмийлаштируви, шунингдек ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига яратилаётган имкониятлар, банклар ва солиқ хизмати томонидан экспорт фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилган ислоҳотлар бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Тадбир давомида божхона ходимлари томонидан тадбир иштирокчилари ва тадбиркорлик субъектларига экспорт товарларининг божхона расмийлаштируви, экспорт логистикасини ташкил қилиш асослари, автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида халқаро ташишлар амалга оширилганида божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар, божхона расмийлаштирувининг электрон тарзда амалга оширилиш имкониятлари тўғрисида батафсил тушунчалар берилди.

Масалан, бугунги кунда божхона расмийлаштируви жараёнига татбиқ этилган  хавфни бошқариш автоматлаштирилган ахборот тизими, расмийлаштирилаётган божхона юк декларацияларини хавф даражасига кўра сариқ, қизил, яшил ва кўк йўлакларга автоматик тарзда йўналтирмоқда. Бу эса божхона расмийлаштируви жараёнларининг тезкорлигига хизмат қилмоқда.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, 2020 йилнинг ўтган даврида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси тасарруфидаги ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан Хавфни бошқариш автоматлаштирилган ахборот тизими доирасида “экспорт” божхона режимига  14  мингдан ортиқ божхона юк декларациялари расмийлаштирилган.

2020 йил бошидан бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси  Беруний туманида фаолият юритувчи экспортёр корхоналар томонидан қиймати 7,9 млн. АҚШ долларига тенг бўлган маҳсулотлар экспорт қилинди. Бу кўрсаткичнинг ўтган йилга нисбатан 2,5 млн. АҚШ долларига ёки 46 фоизга ошди.

Тадбир давомида иштирокчилар ва тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини амалга оширишда ўзларини қизиқтирган саволларига масъул вакиллар томонидан жавоб берилиб, фикр-мулоҳаза ва тавсиялар билдирилди. 

Тадбир сўнгида, Давлат божхона қўмитаси Раиси маслаҳатчиси Хабибулла Азизов томонидан экспортга йўналтирилган тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган семинар-тренинг иштирокчиларига сертификатлар топширилди.

Бу каби ташкил этилаётган семинар тренинглар, мамлакатимиз экспорт салоҳиятининг янада ортиб, халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қилиши шубҳасиздир.

31.12.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг