Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тўғри овқатланиш – саломатликнинг муҳим омили!
8406
Овқатланишнинг ҳам ўзига хос тартиблари борки, ҳар ким унга ёши, саломатлик даражаси ва меҳнат қилиш туридан келиб чиқиб ёндашиши тавсия этилади.
Тўғри овқатланиш – саломатликнинг муҳим омили!

Баъзилар ҳар куни ёғли ва юқори калорияли таомларни истеъмол қилса, тўғри овқатланаяпмиз, деб ўйлайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, юқори қувватли таомларни мунтазам тановул қилиш, шу билан бирга, камҳаракатлилик қон босими, қандли диабет, инсульт, миокард инфаркти, буйрак ва меъда-ичак тизими аъзолари касалликларининг юзага келишига сабаб бўлади.

Cамарқанд вилояти божхона бошқармасида 1-оилавий поликлиника умумий амалиёт шифокори, диетолог Фарҳод Рауфов иштирокида “Рационал овқатланишнинг соғлом турмуш тарзидаги ўрни” мавзусида ўқув машғулоти ўтказилди.

 – Одатда кўплаб касалликлар нотўғри овқатланиш оқибатида юзага келади, – дейди шифокор-диетолог Фарҳод Рауфов. – Ҳозирги кунда одам организми учун 13 турдаги витаминлар зарурлиги фанда исботланган. Булар кальций, натрий, магний, калий, фосфор, йод, темир ва бошқа моддалар. Уларни биз асосан мева-сабзавотлар, кўкатлар, полиз ҳамда сут, гўшт, парранда, балиқ, тухум, дуккакли маҳсулотлардан оламиз. Умуман олганда, ёзги озиқ-овқатлар таркибини 28 фоиз ёғ, 55 фоиз оқсил, 17 фоиз углеводлар ташкил этиши керак. Шу боис ёз мавсумида окрошка, гўжа каби парҳезли таомларни истеъмол қилиш тавсия қилинади. Улар ҳам тўйимли, ҳам мазали.

Дастурхонимизда тоблаб пиширилган сабзавотлар, янги узилган мевалар, дуккакли ўсимликлар, қайнатилган таомлар, қатиқ, творог каби сут маҳсулотлари бўлиши тавсия этилади. Бу каби минераллар ва оқсилларга бой маҳсулотлар организмда моддалар алмашувини яхшилайди, иммунитетни мустаҳкамлайди.

Шу билан бирга саломатликни асраш учун киши спорт билан ҳамнафас бўлиши лозимлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, мавзуга оид видеолавҳа ҳам намойиш этилди. Шундан сўнг ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассис томонидан жавоблар олишди.

Ўйлаймизки шифокор томонидан бериб ўтилган тавсияларга божхона ходимлари қатъий амал қилиб, соғлом турмуш тарзига риоя қиладилар.

Зеро, ҳар бир инсоннинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кечириши унинг соғлом турмуш тарзига нечоғли риоя этишига боғлиқ.

31.12.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг