Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ва уйғунлаштириш йўлида
4096
Куни кеча – 21 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Киото, 1973 йил 18 май, 1999 йил 26 июнда қабул қилинган ўзгартиришлар билан) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги ЎРҚ-654-сон Қонуни қабул қилинди. Бу билан республикамизнинг мазкур халқаро Конвенцияга қўшилишига ҳуқуқий асос яратилди.

Конвенциянинг асосий мақсади нима, унга қўшилиш мамлакатимиз учун қандай аҳамиятга эга? Cолиқ ва божхона хабарлари газетаси мухбири ДБҚ Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бош инспектори Миршод ҚУРБОНОВ билан шулар хусусида суҳбатлашди.

- Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенция, қисқача қилиб айтганда, Киото конвенцияси Жаҳон божхона ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, ўз олдига божхона тартиботларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш орқали ташқи савдо субъектларига қулай шарт-шароитлар яратишни мақсад қилиб қўйган, - дейди М.Қурбонов. – Ҳужжат 2006 йил 3 февралда янги таҳрирда кучга кирган ва унда мазкур ташкилотга аъзо 183 та давлатдан 126 таси, шу жумладан 7 та Ҳамдўстлик мамлакатлари (Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Украина) иштирок этмоқда.

Ҳужжат дастлаб 1973 йилда қабул қилинган бўлиб, унга 1999 йил 26 июнда ўзгартиришлар киритилган. Мазкур ўзгартиришлар 2006 йил 3 февралда, яъни Конвенцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Баённомани имзолаган 40 та давлат томонидан ратификация қилингандан сўнг кучга кирган.

- Ўзбекистон мазкур ҳужжатга нима учун олдинроқ, масалан, 2000-йилларда қўшилмаган?

- Республикамизнинг мазкур халқаро шартномага шу пайтгача қўшилмаганлигининг бир қатор сабаблари мавжуд. Биринчидан, миллий божхона қонунчилигимиз меъёрлари, хусусан Божхона кодекси (2016 йил), шунингдек божхона маъмуриятчилигини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларимиз (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414, 24.11.2018 йилдаги ПФ-5582-сон фармонлар, 23.04.2019 йилдаги ПҚ-4297-сон қарор, 05.06.2020 йилдаги ПФ-6005-сон Фармон) қабул қилингунга қадар Конвенция қоидаларига мувофиқ бўлмаган. Иккинчидан, Конвенциянинг айрим қоидаларини амалга жорий қилиш (хавфларни бошқариш, ваколатли иқтисодий операторлар, божхона аудити, электрон божхона расмийлаштируви, “Ягона дарча” ААТ ва бошқалар) муайян вақт ва иқтисодий ресурсларни талаб қилган. Учинчидан, халқаро ташкилотлар (биринчи навбатда, Жаҳон савдо ташкилоти) билан интеграциялашувни кучайтириш бугунги кун ташқи сиёсатимиздаги ташаббуслардандир.

- Ўз навбатида, Конвенцияга қўшилишдан кутилаётган натижалар нималардан иборат?

- Бу, биринчидан, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Doing business” ва логистика самарадорлиги (LPI индекси) рейтингларида Ўзбекистон мавқеини юқори поғоналарга кўтаришга хизмат қилади.

Маълумот учун: Ўзбекистон логистика самарадорлиги рейтингида 163 та давлат орасида 99-ўринни эгаллаб, ушбу индекснинг 6 та асосий омилларидан бири, яъни божхона самарадорлиги бўйича – 140-ўринда, бизнес юритиш “Doing business” рейтингида эса 190 та давлат орасида 69-ўринда турибди.

Иккинчидан, иқтисодиётга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратилади. Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси божхона маъмуриятчилиги фаолиятининг Конвенция қоидаларига мувофиқлиги хорижий инвесторлар учун ишонч, барқарорлик, аниқлик ва ошкораликни таъминлайди.

Учинчидан, Конвенция қоидаларини амалиётга тўлиқ жорий қилиш учун муайян муддат тақдим қилиниши сабабли, яқин уч йилликда миллий божхона қонунчилигини такомиллаштиришнинг стратегик йўналишлари белгиланади.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишига ижобий таъсир кўрсатади. Конвенция қоидалари Жаҳон савдо ташкилотининг Тарифлар ва савдо бўйича Бош битимининг божхона органлари фаолиятига тегишли қоидалари ва тамойилларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Киото конвенциясига қўшилиш ташқи иқтисодий алоқалар соҳаси субъектлари, яъни хорижий компаниялар ва инвесторларга қандай енгилликлар беради? Келажакда уларнинг фаолиятида қандай ижобий ўзгаришларни кузатишимиз мумкин бўлади?

- Авваламбор, Конвенция жаҳондаги давлатлар учун норасмий божхона кодекси ҳисобланади. Унинг қоидалари божхона тартиботларини бирхиллаштиришга ва олдиндан башорат қилиш мумкинлигига қаратилган. Натижада, дейлик, Жанубий-Шарқий Осиё ёки Болтиқбўйи давлатларидан экспорт ёки импорт билан шуғулланадиган хорижий инвестор Ўзбекистондаги ташқи савдонинг божхона қоидаларини ўрганиши учун ортиқча вақт ва молиявий маблағ сарфламайди. Яъни, келажакда Ўзбекистондаги божхона тартиботларининг умумий қоидалари Конвенциянинг 126 та давлатидаги божхона қоидалари билан бир хиллаштирилади.

Қолаверса, божхона органлари томонидан қарорларни қабул қилишда ТИФ қатнашчиларини кўпроқ жалб қилиш. Натижада божхона органлари фаолиятининг янада очиқлиги таъминланади ва ТИФнинг инвестициявий жозибадорлиги ошади. Яъни миллий қонунчилигимизга имплементация қилинмаган Конвенциянинг 6.8-стандартига асосан божхона органлари ТИФ қатнашчилари билан экспорт/импорт масалаларида ҳамкорлик қилишга интилиши керак ёки 8.5 ва 8.7-стандартларига асосан божхона органларининг ташқи иқтисодий фаолият йўналишидаги йиғилишларида ТИФ қатнашчилари қатнашиши лозим.

Учинчидан, божхона органлари фаолиятида ахборот технологияларини кўпроқ қўллаш кўзда тутилади. Яъни “Е» махсус иловаси 1-3-бобларини тўлиқ реализация қилиш, ТИФ қатнашчиларининг транзит ҳаракатланишини тезлаштириш, Бош илованинг 7-бобини реализация қилиш божхона органлари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш асосида ТИФ томонидан маълумотларни инсон омилисиз олиш имкониятини таъминлаш имконини беради.

- Конвенцияга қўшилиш маҳаллий тадбиркор-экспортёрлар учун нима афзалликлар беради?

- Мазкур Конвенцияга қўшилганимиздан кейин “Ягона дарча” ААТ, карантин, ветеринария каби соҳалар уйғунлашсагина, хорижий давлатларга маҳсулотларимизнинг экспорт қилиниши янада кафолатланади, яъни тадбиркор учун қулай шароит яратилади.

Бундан ташқари, Конвенция стандартларини тўлиқ имплементация қилиш товарлар божхона назоратидан ўтказилишини янада тезлаштиришга ва сарфланадиган харажатларнинг камайишига олиб келади. Конвенцияда товарларни экспорт қилишга таъсир кўрсатадиган чегарадаги бошқа назорат қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорликда тадбирларни амалга ошириш; ташқи савдо фаолияти иштирокчилари билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш, божхона назоратини амалга оширишда хавфларни бошқариш тизимини қўллаш (6.5-стандарт) ва аудит (6.6-стандарт) асосида назоратни амалга ошириш мумкин бўлади.

Қонунга асосан каботаж ташишларни назарда тутувчи Конвенциянинг Махсус “Е” иловасининг 3-бобига қўшилмаяпмиз. Бунга нима сабаб бўлмоқда?

“Каботаж ташишлари” – хорижий юк ташувчилар томонидан муайян давлат ҳудуди ичида транспорт хизматларини амалга оширишни англатади. Республикамизни денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятининг йўқлиги, шунингдек, бундай ташишларга рухсат бериш маҳаллий ташувчилар манфаатларига зарар етказиши мумкинлиги мазкур бобга қўшилмасликка сабаб бўлган.

Конвенцияга аъзо бўлган 126 давлатдан фақатгина 26 таси каботаж ташувларини назарда тутувчи бобга қўшилган, Ҳамдўстлик мамлакатларидан Россия, Арманистон, Қозоғистон ва Тожикистон мазкур бобни қабул қилмаганлар.

– Миршод Рустамович, масалани атрофлича тушунтириб берганингиз учун ташаккур.

– Сизга ҳам раҳмат.

 Солиқ ва божхона хабарлари газетаси мухбири 
Нодир АЛИМОВ суҳбатлашди.

 

30.12.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг