Мукофотланганлар орасида бир гуруҳ божхона ходимлари ҳам бўлиб, 2020 йил 26 декабрь куни Давлат божхона қўмитасида мазкур мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланган тадбирда сўзга чиққан Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти якунига етаётган йил давлат божхона хизмати органлари учун ҳам ниҳоятда мураккаб ва масъулиятли кечганини таъкидлади.
Коронавирус пандемияси юзага келтирган мураккаб вазиятда ҳам республикамизнинг барча чегара божхона ва ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида экспорт импорт тартибидаги юкларнинг божхона расмийлаштируви узлуксиз амалга оширилди.
Шунингдек, соҳага илғор, замонавий, инновацион, рақамли технологияларни кенг татбиқ этишга қаратилган ишлар ҳам изчиллик билан давом эттирилди. Айниқса Олот, Айритом ва Яллама чегара божхона постларида рақамли божхона тамойилининг жорий қилинаётганлиги бу ерда ҳаракатланаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва жисмоний шахсларнинг божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланадиган вақтини сезиларли равишда қисқартиришга хизмат қилмоқда.
Давлат бюджетига ундириладиган божхона тўловлари миқдори йилдан йилга ортиб бормоқда. Масалан, республикамиз божхоначилари томонидан 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида давлат бюджетига 24,1 трлн. сўм миқдоридаги божхона тўловлари ундирилди. Бу кўрсаткич эса ўтган йилнинг айни шу даврига нисбатан 43,6 фоизга кўп демакдир.
Шунингдек, ушбу давр мобайнида божхоначилар томонидан қарийб 9,5 мингта божхона қоидабузарликлари аниқланиб, 418 миллиард сўмлик товарларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.
Мазкур вазифаларни амалга оширишда алоҳида жонбозлик ва намуна кўрсатган ходимлар эса ҳамиша муносиб эътибор ва эътироф топмоқдалар.
Жумладан, Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати ва ҳудудий бошқармаларида, олис чегара божхона постларида хизмат олиб бораётган 6 нафар божхона ходимлари давлатимизнинг юксак “Дўстлик” ва “Мардлик” орденлари, “Содиқ хизматлари учун” ва “Шуҳрат” медаллари билан тақдирланишди.
Тадбир якунида мукофотланганлар ҳам сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз томонидан божхона соҳасига кўрсатилаётган эътибор учун ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди.
28.12.2020