Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар Берунийдаги 9 та маҳалла аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашга ҳисса қўшишди
1701
Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йил 2 октябрда Қорақалпоғистон Республикасига амалга оширилган ташрифлари жараёнида илгари сурилган “Халқнинг дардини эшитиш ва масалаларни ҳал этиш” тамойили Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4889 сон қарорида ҳам ўзининг муҳим ифодасини топган.
Божхоначилар Берунийдаги 9 та маҳалла аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашга ҳисса қўшишди

Мазкур қарорга биноан республиканинг Беруний туманида қурилиш материаллари саноати ва чорвачилик ўсиш нуқталари сифатида белгиланди ва Давлат божхона қўмитаси мазкур туманга бириктирилди.

Айни пайтда қўмита томонидан “Қишлоққурилишбанк”АТБ билан ҳамкорликда божхона хизмати ва банк масъул ходимларидан иборат Ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди.

Қарорга асосан Давлат божхона қўмитаси Махсус жамғармаси ҳисобидан туманнинг «Олтинсой», «Қизилқаъла», «Дўстлик» овул фуқаролар йиғинларидаги жами 9 та маҳалла ҳудудларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун жами 9 та артезиан қудуғини қазиш ва замонавий сув тозалаш фильтрларини ўрнатиш, шунингдек, «Султон Увайс Қараний» зиёратгоҳини тоза сув билан таъминлаш мақсадида водопровод тармоғига 1 та сув тозалаш фильтри ва заҳира сув сақлайдиган 350 литрлик сиғим ўрнатиш, сув ичиш нуқталарини барпо қилиш белгиланган эди.

Муҳтарам Президентимизнинг қарорларидан сўнг ўтган қисқа муддат давомида Давлат божхона қўмитаси томонидан юқорида санаб ўтилган ҳудудларнинг барчасида 1,5 млрд. сўмлик ишлар амалга оширилиб, 9 та артезиан қудуқлари қазилиб, замонавий сув тозалаш фильтрлари ўрнатилди.

Шунингдек, «Султон Увайс Қараний» зиёратгоҳидаги сув тармоғига ҳам сув тозаловчи фильтр ҳамда заҳира сув сақлайдиган 350 литрлик сиғим ўрнатилди, сув ичиш нуқталари барпо қилинди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур фильтрлар соатига 500 литр сувни 7 босқичда тозалайди. Натижада сувдаги қаттиқ моддалар миқдори камайиб, сувни юмшатади. Сувни тозалаш даражаси  эса 96-99 фоизгача етади.

– Бизнинг чекка овулимизда ҳам тозаланган ичимлик сув фильтрларининг ўрнатилиши бутун маҳалладошларимиз учун кутилмаганда байрам туҳфаси бўлди – дейди “Олтинсой” овулида истиқомат қилувчи Баян опа Алиева, – Фарзандларимиз ва ўзимизнинг соғлиғимиз учун яратиб берилган шундай шароитдан жуда  хурсандмиз. Юртбошимизга, божхона органларига ўз миннатдорчилигимни билдираман, илоҳим юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, сувимиз кўп бўлсин.

Божхона органларига юклатилган яна бир муҳим вазифа - «Дўстлик» овулидаги бўш турган 42-сонли мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш ишлари ҳам бошлаб юборилди.

Мазкур лойиҳа қиймати 2 млрд. сўмни ташкил қилиб, натижада келгуси йилда 120 нафар болажонларни ўз бағрига қабул қиладиган шинам мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилади.

Буларнинг барчаси эса Давлат божхона қўмитасининг Махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Ишчи гуруҳ фақатгина қарорда юклатилган вазифалар билан чекланмасдан овулма овул, кўчама кўча ўрганиш ишларини ҳам олиб бормоқда. Бунда айниқса, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланмаган ҳудудларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Масалан,  “Олтинсой” , “Дўстлик” ва “Қизилқаъла” овул фуқаролар йиғинларидаги 2,7 мингга яқин хонадонлардаги ҳаққоний вазият ва мавжуд камчиликлар ўрганилганида жойида ечимини ҳал этиш мумкин бўлган 130 дан ортиқ муаммолар аниқланиб, бартараф этилди.

Айни вақтда ишчи гуруҳ томонидан мазкур йўналишдаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.

 

 

 

26.12.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг