Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистон – янгиланиш даврида
4037
Кейинги йилларда мамлакатимиз тараққиётида улкан ўзгаришлар юз бермоқдаки, бу билан фахрланмай иложимиз йўқ. “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида барча гўшаларда ўтказилаётган тадбирларда юртдошларимиз ўз ҳаётларидан мамнун эканликларини ўзларининг чиқишларида баён қилмоқдалар.

Ҳозирги пайтда жаҳондаги энг нуфузли давлатлар билан беллаша олиш даражасига етган Ватанимизда фан, таълим, спорт, маданият, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда катта ютуқларга эришилмоқда. Мустақиллик даврида тобеликсиз тизимда яшаётган одамларимизнинг онгида, фикрлашида, орзу-ўйларида, мақсадларида, турмуш тарзида сезиларли даражада янгиланишлар рўй бермоқда. Бошқа давлатлар билан таққослайдиган бўлсак, пандемия даврида ҳам юртимизда ҳеч бир соҳада тўхталиш бўлмади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида истиқлолга эришган республикамиз тарихида биринчи марта ўзбек тилида нутқ сўзлаши қалбларимизда ифтихор туйғуларини уйғотди. Юртбошимизнинг навбатдаги маърузасида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик қатор масалалар юзасидан муҳим ташаббуслар янграгани ва жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлгани таҳсинга сазовордир.

Ўзбек халқи – жаҳон тамаддунининг шаклланиш ва ривожланишига катта ҳисса қўшган халқлардан биридир. Ўзларининг ақл-заковати, билими, яратувчанлиги билан  дунёни лол қолдирган буюк аждодларимиз орзу қилиб, ета олмаган истиқлолга эришган эканмиз, уларнинг руҳлари шод бўлиб, бизларни ҳамиша қўллаб турганини ҳис қилиб турамиз. Бугунги кунда ворислар – интеллектуал салоҳияти юксак ёшларимиз чет эллардаги энг нуфузли олийгоҳларда ҳам таҳсил олиб, ҳар жиҳатдан мукаммал билим олиб, малакали, етук мутахассислар бўлиб етишиб, Ватанимиз равнақи йўлида фидойилик намуналарини кўрсатиб келишмоқда.

Янгиланаётган Ўзбекистонимизда янгича ҳаёт давом этар экан, янгича дунёқарашга эга бўлган юртдошларимиз келгусида янада кўплаб ютуқларга эришаверадилар.                         

25.12.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг